Таиландда қурилиш крани қулаши оқибатида йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди. Ҳодиса натижасида камида 22 киши ҳалок бўлди, 55 киши турли даражадаги жароҳатлар олди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ва қутқарув хизматлари маълум қилди дейди РБС нашри.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, фожиа 14 январ куни мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Накҳон Ратчасима (Корат) провинциясининг Сикҳио туманида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Бангкокдан Убон Ратчатҳани провинциясига йўл олган йўловчи поезди ҳаракатланиб ўтаётган вақтда юқори тезликдаги темир йўл кўприги қурилишида фойдаланилаётган кран қулаб тушган. Краннинг троси локомотивга ўралашиб қолган, натижада поезд рельсдан чиқиб кетган. Ҳодиса оқибатида иккинчи ва учинчи вагонлар жиддий шикастланган.
Поездда тахминан 190 нафар йўловчи бўлган. Айрим йўловчилар вагонлар ичида қисилиб қолган. Қутқарувчилар томонидан жабрланганлар, жумладан, бир нафар бола касалхонага етказилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодисадан аввал краннинг поезд томига қулаганига ўхшаш кучли шовқин эшитилган, шундан сўнг поезд кескин тормозлаб, рельсдан чиқиб кетган.
Маълум қилинишича, ҳодиса содир бўлган кўприк Таиланд–Хитой юқори тезликдаги темир йўлининг Бангкок–Накҳон Ратчасима йўналиши доирасида қурилаётган эди. Воқеа юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.


