1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Тарихий рекорд: олтин нархи бир унцияси учун 5 500 доллардан ошди

Таҳлилчилар фикрига кўра, 2026 йилда олтин нархи бир унция учун 6 000 долларгача, муқобил сценарийда эса 6 900 долларгача кўтарилиши мумкин.

Тарихий рекорд: олтин нархи бир унцияси учун 5 500 доллардан ошди

 

Глобал бозорлар тарихида муҳим воқеа қайд этилди — олтин нархи бир троя унцияси учун 5,5 минг доллардан ошиб, янги тарихий рекордни янгилади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

 

АҚШ долларининг кескин қадрсизланиши, шунингдек инвесторларнинг облигациялар ва валюталарни юқори хавфли активлар сифатида баҳолаб, хавфсиз актив — олтинга мурожаат қилаётгани фонида қимматбаҳо металл нархи кетма-кет тўққиз кун давомида рекорд даражаларни қайд этмоқда. Биргина кун ичида олтин нархи 3,2 фоизгача ошди.

 

Comex биржасида олтиннинг бир троя унцияси 5 584,3 доллардан баҳоланди. Таққослаш учун, 28 январь куни олтин нархи 5 200 доллардан ошиб, ўша пайтдаги рекордни қайд этган бўлса, 12 январь куни бу кўрсаткич 4 600 долларни ташкил этган эди.

 

2026 йил бошидан буён спот бозорда олтин нархи қарийб 28 фоизга, кумуш эса деярли 65 фоизга қимматлашди. Глобал иқтисодий беқарорлик, савдо урушлари хавфи ва геосиёсий ноаниқликлар шароитида инвесторлар капитални сақлаш мақсадида хавфсиз активларга устуворлик бермоқда, бу эса олтинга бўлган талабни янада оширмоқда.

 

Нархлар ўсишига инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолиши, АҚШ долларининг заифлашуви, марказий банклар томонидан олтин харидларининг кўпайиши ҳамда АҚШ Федерал захира тизими (Fed) томонидан фоиз ставкалари пасайтирилиши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар ҳам таъсир кўрсатмоқда.

 

Таҳлилчиларнинг фикрича, Fed асосий фоиз ставкасини 3,50–3,75 фоиз оралиғида сақлаб қолиши мумкин. Шу билан бирга, регулятор расмийларининг баёнотлари яқин кунларда олтин бозорига сезиларли таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.

 

АҚШ Федерал резервининг пул-кредит сиёсати юзасидан ноаниқликлар фонида доллар қарийб сўнгги тўрт йилдаги энг паст даражага тушди. АҚШ президенти Доналд Трамп валюта курсининг пасайишидан хавотир билдирмаганини маълум қилганидан сўнг, доллар қадрсизланиши янада тезлашди.

 

Deutsche Bank таҳлилчиларига кўра, 2026 йилда олтин нархи бир унция учун 6 000 долларгача, муқобил сценарийда эса 6 900 долларгача кўтарилиши мумкин. Уларнинг таъкидлашича, марказий банклар ва инвесторлар доллар бўлмаган, моддий активларга бўлган улушни ошираётгани бу ўсишни қўллаб-қувватламоқда.

 

Societe Generale ҳам йил якунига қадар олтин нархи 6 000 долларга етишини прогноз қилмоқда, бироқ бу баҳо консерватив бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Морган Станлей эса олтин учун 5 700 долларлик мақсадли нархни белгилаган.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика