Тавсиянома асосида 2 минг 30 нафар хотин-қиз давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди
Тавсияномага эга бўлган хотин-қизларнинг 2 минг 30 нафари республика олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли бўйича қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги хабар бермоқда.


Унда айтилишича, тавсиянома олиш учун талабгор бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг қиз фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларда яшовчи жами 30 минг 69 нафар хотин-қизлардан аризалар қабул қилинган.
Ушбу аризалар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида тегишли ташкилотлардан иборат Ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиб чиқилди ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан республикамиз бўйича 23 минг 685 нафар хотин-қизларга тавсияномалар берилди. Шулар қаторида ўқишга кирган хотин-қизлар 2 минг 30 нафарни ташкил этган. Хусусан, улар республика кесимида қуйидагича кўринишда бўлди:
Қорақалпоғистон Республикаси — 114 та;
Андижон вилояти — 184 та;
Бухоро вилояти — 112 та;
Жиззах вилояти — 86 та;
Қашқадарё вилояти — 199 та;
Навоий вилояти — 60 та;
Наманган вилояти — 168 та;
Самарқанд вилояти — 227 та;
Сурхондарё вилояти —158 та;
Сирдарё вилояти — 50 та;
Тошкент вилояти — 179 та;
Фарғона вилояти — 223 та;
Хоразм вилояти — 114 та;
Тошкент шаҳри — 156 та.
Бундан аввал имтиёзга эга абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилингани, имтиҳонларсиз ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга абитуриентлар қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилингани ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ажратаётган субсидия кимларга берилиши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







