Сўнгги кунларда Афғонистон ҳудудидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида Тожикистонда ишлаётган Хитойнинг беш фуқороси ҳалок бўлган, яна беш нафари яраланган. Шу муносабат билан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 1 декабрда мамлакат куч тузилмалар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказиб, Тожикистон–Афғонистон чегарасини қўриқлаш масалаларини муҳокама қилди.
Реутерс агентлигининг Тожикистон Хавфсизлик кенгашидаги манбаси маълум қилишича, Душанбе Колектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) кучларини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда, аммо ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.
Шу билан бирга, Россиянинг Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий базаси чегарани биргаликда назорат қилиш учун жалб этилиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Афғонистондаги оммавий ахборот воситалари хабар беришича, “Толибон” Тожикистондаги Хитой фуқароларига уюштирилган ҳужумда иштирок этганлиги гумон қилинган икки нафар жангарини қўлга олган. Хитойнинг Тожикистондаги элчиси Го Чзҳитсзюн Тожикистон расмийлари билан суҳбатда фуқароларининг ўлимига “ўта жиддий ҳодиса” сифатида қаралаётганини ва хавфсизлик кафолатларини талаб қилган.


