“Толибон” вакили доимий ҳукумат тузилиши ҳақидаги саволга аниқ жавоб бера олмади
“Толибон” расмийси доимий ҳукумат тузилиши борасида берилган саволга жавоб берди. Бу ҳақда “Риа Новости” хабар берган.


Ҳаракат расмий вакили Суҳайл Шаҳин Япониянинг “NHK” телеканалига берган интервьюсида доимий ҳукумат масаласи кўтарилган. Лекин Шаҳин унинг қачон тўлиқ тузилиши масаласига аниқ жавоб бермаган.
“Вазирлар Маҳкамаси таркибининг тўлиқ тузилиши учун бир неча кун ёки бир неча ой керак бўлиши мумкин. Унинг таркибида баъзи ўзгаришлар бўлиши мумкин”, — деган ҳаракат вакили.
Шунингдек, у янги ҳукумат инаугурацияси режалаштирилгани, аммо кейинчалик бекор қилинганини маълум қилди. “Биз бу борада маросим ўтказишни режалаштиргандик, лекин барча вазирлар тайинланиши маълум вақт талаб қилишини инобатга олиб бекор қилдик”, — деб таъкидлаган.
Суҳайл Шаҳин АҚШ билан муносабатларга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, толиблар Вашингтон билан янги босқичдаги муносабатларни ўрнатишга тайёр.
Маълумот ўрнида: 15 август куни “Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаган. 31 августда АҚШ Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Ҳаракат томонидан эгалланмаган ягона ҳудуд — Панжшер эди. Аммо 6 сентябрда ушбу ҳудуд ҳам “Толибон” назоратига ўтди. Шундан кейин толиблар 7 сентябрь куни мамлакатнинг янги ҳукумати тузилганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Афғонистоннинг Ҳилманд вилояти янги губернатори Ғарбни Афғонистонга инвестициялар киритишга чақирган эди.
Жаҳонгир Қўзиев







