Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаво ифлосланишига қарши комплекс чоралар ишлаб чиқилди
Лойиҳа саноат ва иссиқхоналардан чиқаётган зарарли моддалар миқдорини камайтиришга қаратилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан пойтахт ва унга туташ ҳудудларда атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, иқлим ўзгаришига боғлиқ хавфларни камайтириш мақсадида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ва иқлим ўзгаришининг оқибатларини юмшатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун тақдим этилган бўлиб, унда ҳудуддаги асосий экологик муаммолардан бири — саноат корхоналари ҳамда иссиқхона хўжаликларидан чиқаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Қарор лойиҳаси доирасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган:
- саноат корхоналари ва иссиқхоналарда чанг ҳамда газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш;
- иссиқхоналарда эскирган, меъёрий талабларга жавоб бермайдиган қозонларни энергия самарадор, экологик тоза тизимларга алмаштириш;
- кўмир ёқилғисидан фойдаланишни босқичма-босқич қисқартириш ва альтернатив энергия манбаларига ўтиш;
- корхоналарга ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, тозалаш иншоотлари ва автоматик ҳаво мониторинги тизимларини жорий этишда молиявий рағбатлар (шу жумладан, грантлар) бериш.
Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши ҳаво ифлосланишини сезиларли даражада камайтириш, экологик хавфсизликни ошириш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун соғлом ва қулай яшаш шароитларини яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, экологик меъёрларни кучайтириш Ўзбекистоннинг иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларига ўтиш стратегиясининг муҳим таркибий қисми сифатида қайд этилмоқда.







