1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Трамп АҚШ ҳукуматидан 1 миллиард доллар товон пули талаб қилмоқда

Аввалроқ у Адлия вазирлигидан 230 миллион доллар талаб қилишни режалаштирганини маълум қилган эди.

Трамп АҚШ ҳукуматидан 1 миллиард доллар товон пули талаб қилмоқда

 

Доналд Трамп Федерал қидирув бюросининг (ФҚБ) Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида ўтказилган тинтуви юзасидан АҚШ ҳукумати унга 1 миллиард доллар миқдорида товон пули тўлаши мумкинлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу маблағ ундирилган тақдирда, уни хайрия мақсадларига йўналтиришга тайёр.

 

Мазкур баёнот Трамп томонидан 19 декабрь куни Шимолий Каролина штатининг Рокки-Маунт шаҳрида сўзлаган нутқи чоғида билдирилган.

 

Давлат раҳбари судга даъво аризаси билан мурожаат қилганини ва ишда ғалаба қозонишига умид қилаётганини айтди. Шу билан бирга, у вазиятни «ғайриоддий» дея баҳолаб, агар даъво қаноатлантирилса, ишни ҳал қилувчи шахс сифатида президентнинг ўзи иштирок этиши эҳтимоли борлигини қайд этди. Трамп бу ҳолатни истеҳзоли тарзда изоҳлаб, амалда “ўзи билан музокара олиб бориши” мумкинлигини билдирди.

 

Унинг сўзларига кўра, бундай вазият АҚШ тарихида илгари кузатилмаган. Трамп АҚШни судга бериб, кейин президент сифатида ушбу суд жараёнини қандай якунлаш масаласини ҳал қилиши мумкинлигини таъкидлади.

 

Аввалроқ, октябрь ойининг бошида The New York Times газетаси Трамп ўзига нисбатан ўтган йилларда олиб борилган федерал терговлар сабабли АҚШ Адлия вазирлигидан қарийб 230 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.

 

Нашр маълумотига кўра, Трамп 2023–2024 йилларда икки марта маъмурий шикоят билан мурожаат қилган бўлиб, уларда Мар-а-Лагодаги тинтув ҳамда Россиянинг 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашуви бўйича тергов доирасида унинг ҳуқуқлари бузилгани таъкидланган.

 

Шу билан бирга, газета бундай маъмурий шикоятлар расмий суд даъвоси ҳисобланмаслигини қайд этади. Улар дастлаб АҚШ Адлия вазирлиги томонидан низони судгача ҳал қилиш имкониятларини аниқлаш мақсадида кўриб чиқилади.

 

Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп аввалроқ ББС телекомпаниясига нисбатан унинг нутқи бузиб талқин қилингани сабабли 10 миллиард долларлик даъво аризаси билан мурожаат қилган эди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика