1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Туркияда ўлдирилган ўзбекистолик аёл қотилига умрбод қамоқ жазоси сўралди

Ҳодиса 2025 йил 5 июль куни содир бўлган. Жабрланувчи шифохонада вафот этган.

Туркияда ўлдирилган ўзбекистолик аёл қотилига умрбод қамоқ жазоси сўралди

 

2025 йил 5 июлда Туркиянинг Айдин вилояти, Кошк туманида 35 ёшли ўзбекистолик М. Алиева ўзи ишлаган казинода бошидан ўқ еган ҳолда топилиб, кейинчалик шифохонада вафот этган эди.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Кошк туман прокуратураси казино эгаси ҳибсда сақланаётган Рашид Ясанга нисбатан “аёлга қарши қасдли одам ўлдириш” моддаси бўйича оғирлаштирилган умрбоқ қамоқ жазоси талаб қилмоқда. Бу ҳақда Т24 нашри хабар берди.

 

Ҳодиса жойига чақирув асосида полиция ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган. Оғир аҳволдаги аёл тез ёрдам машинасида Кошк давлат шифохонасига олиб борилган, бироқ шифокорлар уринишларига қарамай унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

 

Тергов давомида казино эгаси Рашид Ясан қўлга олинган. Кейинчалик тергов кенгайтирилгач, 4 нафар полиция ходими ҳам ушланган.

 

Рашид Ясан қасддан одам ўлдириш билан айбланган. Полиция ходимларининг икки нафари эса, кузатув камераси ёзувларини ўчириш, жиноятда ишлатилган қуролни йўқ қилишда айбланиб ҳибсга олинган. Қолган икки ходим суд назорати остида озод қилинган.

 

Тергов давомида яна бир шахс далилларни йўқ қилишга алоқадорлиги аниқланган.

 

Ҳодиса бўйича жами 40 нафар шахснинг кўрсатмалари олинган. Натижада Рашид Ясан, 2 полиция ходими ва далилларни йўқ қилиш гумонланган шахсга нисбатан айблов хулосаси тузилган: Рашид Ясан учун оғирлаштирилган умрбоқ қамоқ, қолган уч шахс учун эса 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси сўралмоқда.

 

Казино эгаси тергов давомида М. Алиевага қарши қасдли қотиллик мавжудлигини инкор этиб, ҳодиса М. Алиева томонидан ўз жонига қасд сифатида амалга оширилганини билдирган. Унинг баёнотига кўра, воқеа казинодаги хонада содир бўлган ва тортишув пайтида М. Алиева стол устидаги қуролни олиб, аввал ҳавога сўнг ўзига қарата ўқ узган. Ҳодисага ягона гувоҳ ҳам шунга ўхшаш кўрсатма берган.

 

Ҳодиса содир бўлганидан сўнг, Рашид Ясаннинг аҳволи ёмонлашган, уни шифохонага олиб кетилган. Прокуратура Ясан баёнотини жавобгарликдан қочиш мақсадида берилган деб баҳоламоқда.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ икки ўзбек аёли ўз ватандошлари томонидан ўлдирилиб, жасади бўлакларга бўлиниб чиқиндига ташлаб юборилгани хабар қилинганди. Ҳозирда ҳолат бўйича тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

 

 

 

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика