Украина ва АҚШ делегациялари Флоридада тинчлик музокараларини ўтказди
Рубио музокаралар натижаларини ижобий баҳолаб, тинчликка эришиш учун ҳали кўп иш қилиш лозимлигини таъкидлади.

АҚШнинг Флорида штатида Украина ва Америка делегациялари ўртасида Украинадаги урушни тугатиш ва узоқ муддатли хавфсизликни таъминлаш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар учрашувни самарали ва мазмунли деб баҳолади деб хабар берди dw.com нашри.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио музокаралар натижаларини ижобий баҳолаб, тинчликка эришиш учун ҳали кўп иш қилиш лозимлигини таъкидлади. У келишувдаги баҳсли масалаларни ҳал қилишда Россия муҳим роль ўйнаши кераклигини қайд этди.
Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров музокараларни самарали ва муваффақиятли деб атади, шунингдек, Украина президенти Владимир Зеленскийга АҚШ билан позицияларнинг яқинлашгани ҳақида ҳисобот берганини билдирди. Умеровнинг таъкидлашича, Америка томони Украина хавфсизлиги, суверенитети ва мустаҳкам тинчликни таъминлашдаги асосий мақсадларига шерик бўлмоқда.
Музокаралар давомида томонлар урушни тугатиш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳамда Украинада барқарор фаровонликни таъминлаш бўйича масалаларни муҳокама қилди.







