ЮНЕСКО томонидан 15 декабрь Бутунжаҳон Турк тиллари куни сифатида белгиланди
Ушбу сана Вилгелм Томсен томонидан Ўрхун битиклари алифбосининг ўқилиши эълон қилинган кун билан боғлиқ.

Самарканд шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида ҳар йили 15 декабрь санасини Бутунжаҳон Турк тиллари куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Мазкур ташаббус Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан илгари сурилди ҳамда 21 давлатнинг қўллаб-қувватлаши билан Бош конференция кун тартибига киритилди.
15 декабрь санасининг танланиши рамзий маънога эга. Айнан 1893 йилнинг шу куни даниялик машҳур олим Вилгелм Томсен илк бор Ўрхун–Энасой битиклари алифбосини ўқиб чиққанини эълон қилган. Ушбу ёзма ёдгорликлар туркий тиллар тарихи ва илдизларини исботловчи энг қадимий манбалардан бири сифатида эътироф этилади. Ўша илдизлардан бугунги ўзбек, турк, озарбайжон, қозоғистон, қирғиз, туркман ва бошқа туркий тиллар шаклланган.
Қабул қилинган резолюцияда таъкидланишича, Бутунжаҳон Турк тиллари кунининг жорий этилиши ЮНЕСКОнинг тил ва маданий хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш, оғзаки меросни асраш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ва глобал ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган устувор мақсадларига ҳамоҳангдир.
Мазкур сана доирасида ҳар йили турли илмий-маърифий ва маданий тадбирлар — кўргазмалар, адабий учрашувлар, маърузалар, саҳна кўринишлари, тақдимотлар ҳамда туркий халқлар меросини тарғиб қилувчи маданий лойиҳалар ташкил этилиши режалаштирилган. Мақсад — туркий тилларнинг дунё цивилизациясидаги ўрни ва ҳиссасини кенг оммага етказиш, ёш авлодда тил, маданият ва тарихга ҳурматни мустаҳкамлашдир.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугунги кунда туркий тилларда дунёнинг қарийб 12 млн квадрат километр ҳудудида яшовчи 200 миллиондан ортиқ аҳоли сўзлашади.







