Саида Мирзиёева Ургут туманининг чекка қишлоқларидан бирида жойлашган «Навоий» поликлиникасида бўлди. 1972 йилда қурилган мазкур тиббиёт муассасаси бугунги кунда капитал таъмирлашга, замонавий стандартлар асосида янгиланишга ҳамда тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтож экани қайд этилди.
Поликлиника 13 мингдан ортиқ аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, 16 та қишлоқ аҳолиси учун бу туғруқни қабул қиладиган энг яқин ва ягона тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Юклама юқори бўлиб, мавжуд шароитлар тиббий хизмат кўрсатиш талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат фақат битта поликлиника муаммоси эмас, балки бирламчи тиббий хизмат тизимида мавжуд тизимли камчиликларнинг яққол ифодасидир. Олдинда диагностика ва даволаш стандартларини такомиллаштириш, шунингдек, тиббиёт ходимларини тайёрлаш масалалари долзарб вазифа бўлиб турибди.
Учрашув давомида мутахассислар билан биргаликда вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича янги мастер-режа батафсил муҳокама қилинди. Қайд этилишича, ислоҳотлар фақат биноларни таъмирлаш билан чекланмасдан, бирламчи тиббий-санитария тизимига бўлган ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқишни назарда тутади.


