АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ядровий келишув бўйича музокараларга рози бўлмаган тақдирда, Теҳронга қарши ҳарбий зарбалар берилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Умид қиламанки, Эрон тез орада музокаралар столига келади ва барча томонлар учун адолатли, тенг ҳуқуқли ҳамда ядровий қуролсиз келишув бўйича мулоқот бошлайди. Вақт тугаб бормоқда”, — деди Трамп.
ОАВ хабарларига кўра, Трамп маъмурияти Эронга қарши турли ҳарбий сценарийларни муҳокама қилмоқда. Жумладан, ядровий объектлар, ҳарбий ва ҳукумат инфратузилмасига зарбалар бериш эҳтимоли кўриб чиқилмоқда. Бироқ Вашингтон ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган.
The New York Times нашрининг манбаларига кўра, АҚШ кейинги 48 соат ичида Эронга зарба бериши мумкин. CNN эса АҚШ минтақада йирик денгиз ва ҳаво кучларини жамлаганини босим элементи сифатида баҳоламоқда.
Эрон расмийлари музокараларга очиқ эканликларини билдирган, бироқ ҳар қандай ҳужумга қатъий ва кескин жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирган.


