Халқаро шахмат турнири якуний босқичга етди
22 август куни соат 15:30да Халқаро шахмат академиясида мусобақанинг ёпилиш маросими ўтказилади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.


16 август куни пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида бошланган шахмат турнири эртага ўз поёнига етади.
Ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер Георгий Аъзамов хотирасига бағишлаб ўтказилаётган ХИВ анъанавий халқаро турнирда дунёнинг 12 та давлатидан жам бўлган 150 нафар ақл-идрок соҳиблари ғолиблик учун дона суришмоқда.
Ортда қолган 8-турдан кейин ғолибликка даъвогар икки нафар шахматчи ажралиб қолди. Булар – арманистонлик Шант Саргисян ҳамда ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоевлардир.
7-тур якунларига кўра 5,5 очко билан пешқадамлар сафида келаётган ҳамда қўшимча коэффитсиентларга кўра биринчи поғонани эгаллаб турган яна бир вакилимиз Нодирбек Абдусатторов эса 8-турда оқ доналарда ўйнаган бўлишига қарамай ўз жамоадоши Жаҳонгир Воҳидовга имкониятни бой берди. Натижада Абдусатторов бирйўла 4-ўринга тушиб кетди.
8-турда Саргисян ўз ҳамюрти Тигран Арутунянни, Ёқуббоев эса қора доналарда ўйнашига қарамай эронлик Арян Голамини мағлуб этди. Натижада Саркисян ва Ёқуббоев ўз очколари сонини 6,5 тага етказиб олган ҳолда таъқибчиларидан ўзиб кетишди ва сўнгги тур олдидан айнан мана шу икки спортчида мусобақа ғолиби бўлиш учун жуда яхши имконият ҳосил бўлган.

Абдусатторов устидан қозонилган ғалаба эса Воҳидовга 6 очко билан 3-ўринга кўтарилиб олиш имконини берди.
4-11-ўринларда бораётган шахматчилар эса бир хил – 5,5 тадан очко жамғаришган.
Аввалроқ мусобақада етакчиларнинг сараланаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Жамшид Амиров







