“Ягона тўғри йўлимиз – хорижий инвестисияларни фаол жалб қилиш ва экспортни кўпайтириш”
Президент раислигида экспорт, инвестисия ва маҳаллий саноатдаги вазифалар бўйича йиғилиш бошланди.

Давлатимиз раҳбари ялпи ички маҳсулотни ошириш бўйича катта марра олинганини, лекин бунга фақат ички инвестисия ва ички бозор билан эришиб бўлмаслигини қайд этди:
“Ягона тўғри йўлимиз – хорижий инвестисияларни фаол жалб қилиш ва экспортни кўпайтириш”.
Президент бевосита инвестисия, саноат ва экспортга масъул 11 та вазирлик ва идора, 10 та уюшма, хориждаги дипломатик ваколатхоналар, бундан ташқари, барча вазирлик, тармоқ ва ҳудудларда экспорт ва инвестисияга масъул раҳбар ўринбосари фаолият юритаётган инвестисиялар ва ташқи савдо тизимининг фаолияти жуда сустлигини кўрсатиб ўтди.
Ҳозирги мураккаб вазиятда тизимда инвестисия ва экспорт бўйича чуқур таҳлил йўқлиги танқид қилинди. Асосий бозорларимиз бўлган мамлакатлардаги девальвация, жаҳонда рўй бераётган зиддиятлар ва логистика ҳисобига уларга экспорт камайган.
Бундай мураккаб вазият бугун ёки кеча бошланмагани, Инвестисия вазирлиги ва тармоқлар раҳбарлари экспорт бозорларини диверсификация қилиш устида ўз вақтида бош қотирмагани кўрсатиб ўтилди.







