2025/2026 ўқув йилининг бошланиш саналари белгиланди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири буйруғига мувофиқ, олий таълим муассасалари ва академик лицейларда дарс машғулотлари турлича саналарда бошланади.
Қарорга кўра, академик лицейларнинг барча босқич ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасаларига янги қабул қилинган 1 босқич талабалари 3 сентябрдан ўқишни бошлайди. Юқори курс талабалари учун эса ўқув йили 8 сентябрдан бошланади.
Шунингдек, олий таълим муассасаларида биринчи курс талабалари учун “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ва “Талабаликка бағишлов” тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Улар давомида талабаларга таълим жараёни, кредит-модул тизимининг афзалликлари, мустақил таълим кўникмаларини шакллантириш ва академик ҳалоллик қоидалари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилади.


