Самарқандлик судья бир иш бўйича бир кунда тўрт хил ҳукм чиқарди
Ҳуқуқ фаоллари суд тизимида тартибсизлик чуқурлашаётганини таъкидлашмоқда.

Самарқанд туман суди раиси Носир Ражабов биргина жиноят иши бўйича бир куннинг ўзида тўртта турли ҳукм чиқаргани ҳақида «Эзгулик» жамияти жамоатчиликка маълум қилди. Жамият раиси Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, барча ҳукмлар расмий штрих-кодлар билан тасдиқланган бўлиб, улар орасида сезиларли тафовутлар бор.
Ташанов бу ҳолатни суд тизимидаги чуқур инқироз белгиси сифатида баҳолади. “Судлар назорат қилинаётганини билиб, бир-бирларини чалғитишга уринаётгандек. Қонунийлик қадри йўқолмоқда, ҳатто айрим ҳудудларда ъсохта жабрдийдаларʼ жалб қилиш амалиёти кенгаймоқда,” деди у.
Расмийлар эса Самарқанд вилояти “қонун устуворлиги бўйича” мамлакатда иккинчи ўринда экани ҳақида маълумот берган эди. Аммо ҳуқуқ фаолларига кўра, бундай амалиётлар суд тизимига бўлган ишончни емирмоқда. Улар президентдан вазиятни шахсан назоратга олишни сўрашмоқда.







