Болангиз “яширин тармоқ"дами? Ҳушёр бўлинг, у гиёҳванд бўлиши мумкин...
Фарзандингиз луғатида янги "парол"лар пайдо бўлган бўлса, буни беэътибор қолдирманг.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар айланмасига қарши кураш кучайган сайин бу моддалар савдоси шакллари ҳам шиддат билан ўзгариб бормоқда. Энг ачинарли ва хавфли томони шундаки, авваллари ёшларни фақат қурбон сифатида ўз домига тортган жиноятчилар энди уларни наркотик савдосига ҳам жалб қила бошлаган.
Гиёҳвандлик воситалари ҳам ўзгариб бормоқда. Анъанавий наркотиклар ўрнига уларданда кучли, аммо тарқатиш қулай бўлган дорилар, психотроп моддалар муомалага кириб келди. Улар қўллаётган яна бир усул: “товар”ни бир шахс муайян манзилга яшириб кетади, жой ҳақида хабар беради ва харидор уни ўша жойдан олиб кетади. Бундай ҳолатда сотувчи ва олувчи ўзаро дуч келмаслиги сабабли “савдо” хавфсизлиги таъминланади.
Дастлаб “ўз орзуларини” рўёбга чиқариш учун катта пул топиш илинжида бу қабоҳатга қўшилиб қолган болалар чиқиб кетишга йўл тополмай қолади. Натижа эса маълум: шантаж, қўрқитиш, ўзи ҳам гиёҳвандликка ружу қўйиш, бошқа жиноятлар, калтакланиш, зўравонлик, қамоқ билан ҳаммаси тугайди.
Бундай ҳолатда биринчи навбатда ота-она сифатида ҳар биримиздан алоҳида ҳушёрлик ва огоҳлик талаб этилади. Наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчилар чангалига тушган боланинг дардини ўз вақтида сезиш ва унга ёрдам бериш мумкин.
✔️ Бола наркотик истеъмол қилаётганини кўрсатувчи белгилар:
(*Шуни ёдда тутингки, қуйида келтирилган белгилар ўтиш ёшидаги болаларда бошқа ҳолатларда ҳам кузатилиши мумкин. 1-2 та белгига қараб дарҳол хулоса чиқаришга шошилманг. Биринчи навбатда, ўз хавотирларингиз тўғрисида фарзандингиз билан очиқчасига ва самимий гаплашишга ҳаракат қилинг.)
— Телефон ёки компьютерда “TOR” браузери бор. Ушбу браузер даркнет тизимидан (ингл. Darknet – “яширин тармоқ”) фойдаланиш имконини беради. Бу тизимда кирувчи ва чиқувчи хабарлар қайси IP-манзилдан келаётганини билиб бўлмайди. Айнан шунинг учун жиноятчилар болалар порнографияси, қурол ва наркотик моддалар савдосида ушбу тизимдан фойдаланади.
— Дўстлари ўзгаради, жаргонга хос сўзлашув услуби пайдо бўлади. Улар наркотик моддаларни ўз номи билан эмас, бошқача сўзлар билан номлаб олади.
— Жисмоний белгилар: кўп терлайди (терда ўта нотаниш ҳид пайдо бўлади), бутун танада ёриқлар пайдо бўлади, сочлар синувчан бўлиб қолади, кўз қорачиғи сезиларли даражада кенгаяди. Бундан ташқари, иштаҳанинг йўқолиши, доимий чанқоқ ҳолати, уйқусизлик кузатилади. Наркотик ва психотроп моддалар терининг шиллиқ қаватига зарар етказиши сабабли, тез-тез бурун қонаши мумкин.
— Диққатни жамлолмаслик, майда нарсалар билан ўралашиб қолиш. Масалан, бола бирор иш билан соатлаб маъносиз шуғуллана бошлайди.
— Ўз қобиғига ўралиб олиш. Нарсаларини доимий яширишга интилиш, хонани қулфлаб олиш, ҳамма нарсани беркитиб юриш. Биров таъқиб қиляпти, деган доимий хавотир.
— Бола кўп пул сўрашни, уйдан нарсалар йўқолишни бошлайди.
✔️ Бола наркотик ва психотроп моддалар савдоси билан шуғулланаётганини кўрсатувчи белгилар:
— Бесабаб катта миқдорда пул, қиммат буюмлар, кийимлар пайдо бўлиши.
— Телефонда суратга манзил координаталарини тушириш имконини берувчи махсус иловалар, хусусан, “ViPole”, “Jabber”, “Wechat”, “Signal” кабиларнинг мавжуд бўлиши.
— Телефон ёки компьютерда TOR браузери бор. (Бу ҳақда юқорида маълумот берилган.)
— Телефонда овлоқ жойлар суратлари ҳаддан ташқари кўп: одам кам юрадиган йўлаклар, дарахтзорлар, болалар майдончалари.
— Боланинг ёнидан ноодатий нарсалар кўп чиқади. Булар: куйиш аломати бўлган пипетка, ўралган пул купюраси, ялтироқ қоғоз, изолента, зип-пакетлар.
— Банк карталарининг пайдо бўлиши (бошқа шахслар номида ҳам бўлиши мумкин).
— Оқшом пайтида хиёбон ёки дарахтзорга кўп қатнаш. Боланинг оёқ кийимига эътибор қаратинг: пойабзал ёки кийимда аэрозоль баллонларининг излари бўлиши мумкин. Улар ёрдамида одатда бутун шаҳар бўйлаб наркодўконлар рекламаси тарқатилади. Бу иш орқали даромад топадиганлар “трафаретчик” деб аталади.
✔️ Наркотик ва психотроп моддаларни тарқатиш учун жавобгарлик
Қонунчиликка кўра, бундай моддаларни тарқатиш, ташиш, сотиш учун 16 ёшдан жазо белгиланган. Ушбу қилмишни содир этган бола бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Шунингдек жиноят кодексининг 274-моддасига кўра:
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрогига таъсир этувчи бошқа моддаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жамоат жойида наркотик моддалар таъсири остида бўлиш учун жавобгарлик белгиланмаган. Агар шундай ҳолат аниқланса ўша шахс мажбурий даволанишга юборилиб, реабилитация ишлари олиб борилади. Агар бола 16 ёшга тўлмаган бўлса, фарзанд тарбиясига масъулиятсизлик учун ота-она маъмурий жавобгарликка тортилади.
✔️ Қаердан ёрдам сўраш керак?
Фарзанди гиёҳвандлик ёки психотроп моддалар истеъмол қилаётгани ёки тарқатаётгани ҳақида шубҳаланаётган ота-оналар нима қилиши лозим? Биринчи навбатда, бола билан очиқдан-очиқ гаплашиш керак. Агар ўзингизнинг кучингиз етмаса, психолог ёрдамидан фойдаланинг. Ҳатто фарзандингиз билан самимий муносабатда бўлсангиз ҳам, мутахассис ёрдами фойдадан холи бўлмайди.
Агар бола бундай моддаларга ружу қўйганини тан олса, дарҳол нарколог мутахассисга мурожаат қилинг.
Агар бола бундай моддалар савдоси билан шуғулланаётганини тан олса, аввало адвокатга мурожаат қилинг. Чунки ота-она ва бола жавобгарлик, сўроқ, тергов, тинтув жараёнлари ҳақида аниқ тасаввурга ва йўл-йўриққа эга бўлиши зарур. Мамлакатимизда Вояга етмаганлар ҳимояси давлат адвокати томонидан бепул амалга оширилади. Шу билан биргаликда, ички ишлар органига мурожаат қилиш лозим. Ёдда тутинг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан фаол ҳамкорлик жавобгарликни енгиллатиши, ҳатто бола бутунлай жавобгарликдан озод бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда боланинг шахси тўлиқ ҳимояга олинади: унинг шахсий маълумотлари сир сақланади, суд мажлисларида иштироки камайтирилади, алоҳида қўриқланади. Жиноят кодексининг 276 моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.
Қўшимча маълумот ва ёрдам учун қуйидаги контактларга мурожаат қилишингиз мумкин: https://gov.uz/iiv/contacts/







