Ўзбекистон илк бор American Film Market’да: икки машҳур кўрсатув мамлакатимизда суратга олинади
Шунингдек, АҚШ ва Канада телекомпаниялари Tashkent Content Market’га таклиф қилинди.

10–15 ноябрь кунлари Лос-Анжелес шаҳрида дунёдаги йирик кино савдо майдонларидан бири — American Film Market (AFM 2026) бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон илк бор миллий стенд билан қатнашиб, халқаро кино лойиҳалари ва ҳамкорлик бўйича қатор келишувларга эришди.
Ўзбекистон миллий стенди Контент маркази томонидан Туризм қўмитаси кўмагида ҳамда Next Field International ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир доирасида CBS телеканалининг «The Amazing Race» ва Discovery телеканалининг «Expedition Unknown» машҳур кўрсатувларини 2027 йилда Ўзбекистонда суратга олиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, АҚШнинг Cactus Tree Entertainment компанияси билан Ўзбекистоннинг бешта кино ва телевизион маҳсулотини Америка бозорига олиб чиқиш юзасидан келишув тузилди. Тегишли шартномаларни 2027 йил 4–5 февраль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Tashkent Content Market доирасида имзолаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, АҚШ ва Канададаги телекомпаниялар ҳамда дистрибьюторлар Tashkent Content Market тадбирига таклиф этилди.
American Film Market халқаро кино савдоси, дистрибуция ва қўшма лойиҳалар бўйича музокаралар ўтказиладиган йирик майдонлардан бири ҳисобланади.








