Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашиши кутилмоқда: AQI индекси бўйича “носоғлом” даражага етади
18 ноябрь тонгга яқин эса аста-секин яхшиланиши кутилмоқда.

18 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифати вақтинча ёмонлашиши мумкин. Прогнозларга кўра, ҳаво сифати кечки соатларда халқаро AQI индекси бўйича “носоғлом” даражага етади.
Маълум қилинишича, туннинг иккинчи ярмида ҳаво сифати сезгир гуруҳлар учун носоғлом, тонгга яқин эса ўртача даражада бўлиши кутилмоқда. Миллий ҳаво сифати индексида дастлаб “тўқ сариқ”, кейинчалик “сариқ” ва “яшил” даражалар кузатилиши мумкин.
Ҳаво сифатининг ёмонлашишига ҳароратнинг пасайиши, кучсиз шамол ва ҳарорат инверсияси сабаб бўлиши мумкин. Бу шароит маҳаллий ва қўшни ҳудудлардан келаётган ифлослантирувчи моддалар ҳамда PМ заррачаларининг тарқалишини чеклаб, уларнинг ер юзасига яқин қатламда тўпланишига олиб келади.
Прогнозларга кўра, соат 01:00 дан кейин ҳаво сифати аста-секин яхшиланади. 18 ноябрь тонгида халқаро AQI индекси бўйича “ўртача” даражага тушиши кутилмоқда. Атмосфера ҳавоси сифати махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.








