Бойсунда 53 туп Зарафшон арчалари кесиб ташланди
Шунингдек, 3 туп арчага жиддий зарар етказилган.

Ижтимоий тармоқларда Бойсун давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида зарафшон арчалари таг қисмидан кесилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Аниқланишича, Бойсун давлат ўрмон хўжалигига қарашли Кенгдала ўрмон бўлимининг «Шаппа», «Мовирли», “Қора булоқ”, «Чоршанби» ва «Ўрикли» массивларида олиб борилган назорат тадбирлари давомида жами 53 туп турли диаметрдаги Зарафшон арчалари ноқонуний равишда кесилган, 3 туп арчага эса ўсишдан тўхтайдиган даражада зарар етказилган.
Мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан ваколат доирасида чора кўрилмаган.
Табиатга етказилган зарар миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробаридан ортиқлиги сабабли мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.







