Ўзбекистон

Миллий гвардияга маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома тузиш ваколати берилмоқда

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалар қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Миллий гвардияга маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома тузиш ваколати берилмоқда

 

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалар қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди

 

Мажлисда таъкидланишича, Миллий гвардия органларига ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, давлат объектларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш, жамоат тартибини сақлаш, жамоат жойларида патруллик қилиш каби вазифалар юклатилган.

 

Шу билан бирга, амалиётда мазкур вазифаларни тўлақонли амалга ошириш ҳамда хизматни ўташ давомида аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан ўз вақтида чоралар кўриш учун Миллий гвардияга маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир айрим ваколатларни бериш зарурияти юзага келмоқда.

 

Миллий гвардия органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар натижасида ноқонуний сақланган 44 та пневматик ва ов қуроли, 3 202 дона ўқ-дори олиб қўйилган.

 

Фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган 1000 дан ортиқ кастет, бита, пичоқ ва бошқа ўткир тиғли буюмларни олиб юрган 960 нафар фуқаро аниқланиб, тегишли чора кўриш учун ички ишлар органлари ходимларига топширилган.

 

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимларига юқорида кўрсатиб ўтилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш (баённома тузиш) ваколати берилмагани сабабли юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга ҳал этиш учун юборилган. Бу ўз навбатида ортиқча ҳужжат айланиши ва энг асосийси, фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келган.

 

Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

 

Мазкур Қонун билан Миллий гвардия органларининг ходимларига майда безорилик, қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилмоқда.

 

Қолаверса, бу каби ваколатлар вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкогол маҳсулотини истеъмол қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, тиланчилик қилиш ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳолатларида ҳам амалга оширилади.

 

Бунда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органларида ҳам сақланиб, ҳуқуқбузарлик Миллий гвардия ходимлари томонидан аниқланган тақдирда уларга жарима жазосини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш ва асоссиз жавобгарликка тортиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия органлари номидан қонунда кўрсатилган бошқарма (бўлим) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни қўриб чиқишга ва жарима жазосини қўллашга ҳақли эканли белгиланмоқда.

 

Мажлис сўнггида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.

 

2021 йилнинг августида Ўзбекистон Миллий гвардияси ходимларига фуқароларнинг автомобилларидан мажбурий тарзда фойдаланишга рухсат берилган эди. Миллий гвардия органлари томонидан транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланилганда, транспорт воситасининг эгасига ҳарбий хизматчи (ходим) ўз идентификацияловчи ҳужжатини бериши шарт.

custom img

Тошкентда рақамли одил судлов ва инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинди

Пойтахтда “Рақамли одил судлов ва адолатли суд муҳокамаси ҳуқуқи: технологик трансформация даврида инсон ҳуқуқлари” мавзусида очиқ маъруза бўлиб ўтди.

custom img

Ўзбекистонда эски автомобилларни утилизацияга топширмаганлар жарима тўлайди

Ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ вақт бўлган автомобиллар эгаларидан бозор нархида харид қилиниб, утилизацияга юборилади.

custom img

Миграция агентлиги раҳбари "Корея иши" га алоқадорми?

Миграция агентлиги тармоқларда агентлик раҳбарига оид тарқалган аудио ва видео хабарларга муносабат билдирди.

custom img

“Бўйим узун эмас, аммо керакли жойда бўлишни биламан” — Аббосбек Файзуллаев

Футболчи Колумбия дарвозасига урган голи ҳақида гапириб, ўзини тарихга кирган бахтли инсон деб ҳис қилишини айтди.

custom img

Александр Федин яратган ўрмонзор "Дендрология боғи"га айлантирилади

“Оқтепа” сув омбори ҳудудидаги ноёб биохилма-хиллик маскани давлат ҳимоясига олинади.

custom img

Наманганда қалбаки 100 минг долларни 40 минг долларга сотаётганлар ушланди

Қалбаки валюталар хорижда тайёрланиб, айланма йўллар орқали мамлакат ҳудудига олиб кирилган.

custom img

Андижонда қўшнисининг фарзандини урган эркак ушланди

Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

custom img

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ V Тошкент халқаро инвестиция форумида йирик халқаро ҳамкорлик келишувларига эришди

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ форум доирасида АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Европа компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтирди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"