Қорақалпоғистонда 75 миллион йиллик динозавр суяклари топилди
Султон Увайс тоғларидан топилган динозавр қолдиқлари бўр даврига мансуб экани тахмин қилинмоқда.

Қорақалпоғистонда йирик илмий кашфиёт амалга оширилди — Султон Увайс тоғларида тахминан 75 миллион йил аввал яшаган динозаврнинг тошга айланган суяк қолдиқлари топилди.
Мазкур топилма Ўзбекистон Давлат геология музейи ҳамда Қорақалпоқ давлат университети олимларининг қўшма экспедицияси давомида аниқланган. Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, қазилмалар орасида қадимги калтакесакка оид умуртқа бўлаклари, болдир суяги ва бошқа суяк қисмлари топилган.
Геология музейи директори Аҳмаджон Аҳмедшаевнинг сўзларига кўра, топилган қолдиқлар бўр даврига мансуб бўлиб, уларнинг аниқ таснифи халқаро мутахассислар иштирокидаги лаборатория текширувларидан сўнг эълон қилинади.
Ҳозирча ноеб намуналар илмий лабораторияларда пухта ўрганилмоқда. Тадқиқот якунида топилманинг динозаврлар эволюцияси тарихидаги ўрни аниқланиши кутилмоқда.







