Саида Мирзиёева сув ресурсларини бошқариш бўйича инновацион лойиҳалар билан танишди
Самарқандда сувни тежаш, кичик ГЭСлар қуриш ва рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш таклифлари муҳокама қилинди.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд Конгресс марказида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув сифатини ошириш масалаларига бағишланган мулоқотда иштирок этди. Унда сув сарфини мақсадли тақсимлаш, янги технологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалигида сув тежамкор механизмларни қўллаш бўйича ташаббуслар тақдим қилинди.
Мулоқотда каналларни бетонлаш, сув оқимини рақамли бошқарув орқали назорат қилиш, кичик гидроэлектр станциялар (ГЭС) қуриш каби таклифлар муҳокама қилинди. Мирзиёева ушбу лойиҳалар аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Самарқандда янгидан очилиши режалаштирилаётган Болалар кутубхонаси концепцияси билан танишди. Мазкур кутубхона 1911 йилга оид тарихий бинода жойлашади ва реставрация жараёнида унинг маданий қиёфаси эҳтиёткорлик билан сақлаб қолинишига эътибор қаратилади.
Кутубхона болалар, ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари учун ижодий масканга айланиши кутилмоқда. Лойиҳада кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун аудиофонд ташкил этилиши, шунингдек, кутубхона фонди 120 мингдан ортиқ китобни ўз ичига олиши режалаштирилган.







