Сайловчиларнинг муддатидан аввал овоз бериш кунлари белгиланди
Бу бўйича Марказий сайлов комиссияси маълумот берди.

Бугун, 8 октябрь куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини ташкил қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар, хорижий давлатларнинг кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун 2024 йил 16-23 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.
Муддатидан олдин овоз бериш кунлари сайлов участкаларида овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 га қадар давом этиши белгиланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган давлатдаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 га қадар амалга оширилиши белгилаб берилди.







