Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили билан учрашди
Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё медиа конференциясига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ)нинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашди. Томонлар Ўзбекистон ва ЙХҲТ ўртасидаги ахборот соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда 13—14 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган ЙХҲТнинг “Хабардор ва барқарор жамиятлар учун оммавий ахборот воситаларининг ҳаётийлигини таъминлаш” мавзусидаги 25-Марказий Осиё медиа конференциясига тайёргарлик жараёнлари кўриб чиқилди. Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда сўз эркинлиги, давлат сиёсатининг очиқлиги ва ОАВнинг мустақил фаолияти учун шароитлар яхшиланмоқда.
Конференция давомида медиа муҳит барқарорлиги, журналистлар фаолияти, ишончли ахборот тарқатиш ва медиа иқтисодиёти каби масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган. Хусусан, медиасаводхонликни ошириш, фактчекингни ривожлантириш ҳамда дезинформацияга қарши курашиш мавзулари диққат марказида бўлади.
Учрашув чоғида тажриба алмашиш, журналистлар малакасини оширишга қаратилган қўшма дастурлар, тренинглар ва экспертлар иштирокидаги тадбирлар ўтказиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар очиқ ва конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.







