Нобуд бўлишини кутаётган дарахтлар — Расул Кушербаев
бу дарахтлар Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳридан ўтган 4Р23б “М39 автойўлидан Янгийўл шахрига шахобча” автомобиль йўли бўйида жойлашган. Ушбу йўл кенгайиши учун жами 413 та дарахтлар кесилиши кераклиги айтилган.

Расул Кушербаев ўзининг телеграмдаги шахсий саҳифасида “Нобуд бўлишини кутаётган дарахтлар” номи остида Янгийўл туманида айрим ҳудудларда йўл кенгайтириш ишлари бошлангани сабабли кўп йиллик мевали ва манзарали дарахтлар кесилиши мумкинлиги хусусида пост жойлади.

Унда айтилишича, бу дарахтлар Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳридан ўтган 4Р23б “М39 автойўлидан Янгийўл шахрига шахобча” автомобиль йўли бўйида жойлашган. Ушбу йўл кенгайиши учун жами 413 та дарахтлар кесилиши кераклиги айтилган. Дарахтни кўчириб ўтказиш эса катта маблағ сарф қилинар экан.


Барчамизга маълумки, йўл қурилиши ёки бошқа қурилишлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан давлат дастурига киритилади, давлат дастури тасдиқлангандан сўнг маблағ ажратилади, ажратилган маблағ ҳисобидан тендер эълон қилиниб ютган корхона қурилиш ишларини амалга оширади.
Маълум бўлишича, “Toshkent ko`priklardan foydalanish unitar korxonasi” йўлни кенгайтириш бўйича ишларини бошлаган. Уларга йўлни реконструкция қилишга ҳалақит бераётган 72 туп ҳар хил дарахтларни кесиш бўйича айнан шу корхона Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Zamon.uz мухбири Муножат Валиева Тошкент вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот котиби Баракабек Нуруллойев билан боғланди.
– Ҳозирда ушбу масала бўйича Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри Регистон кўчасининг айрим ҳудудлари кенгайтириш муносабати билан қурилиш майдонидаги Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни ҳатловдан ўтказдик. Хатлов натижаларига кўра, ушбу ҳудудда ўсиш ҳолатида бўлган кўп йиллик 64 туп манзарали ҳамда 282 туп мевали дарахтлар мавжудлиги аниқланган.
Дарахтларни бошқа ерга кўчириб ўтиш имкони мавжудми?
– Ҳозирги кунда ҳаво ҳарорати юқорилиги, дарахтлар ёшининг катталигини ва бошқа сабабларни инобатга олган ҳолда ушбу дарахтларни кўчириб ўтказиш имконияти мавжуд эмас. Шунингдек, Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати узайтирилганлигини инобатга олиб, Янгийўл тумани ҳудудидан ҳокимликнинг қарори асосида “Яшил майдон” учун ер ажратган ҳолда кесилиши мумкин бўлган кам қимматли ҳар бир дарахт ва буталар ўрнига қимматлилиги жиҳатдан кам бўлмаган 10 туп йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил парвариш қилиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан маҳаллий ҳокимликларга таклифлар киритилган.
Дарахтларни кесиш бўйича корхона аризасига Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси қандай жавоб берди?
– Аризага рад жавобини бердик.

Муножат Валиева







