Қозонхоналар куз-қиш мавсумига шайланмоқда
Аҳоли хонадонлари, айниқса, кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминотида қозонхоналарнинг самарали ишлаши муҳим аҳамият касб этади.

Аҳоли хонадонлари, айниқса, кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминотида қозонхоналарнинг самарали ишлаши муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Қибрай туманидаги “Иссиқлик манбаи” участкаси тасарруфидаги 2-қозонхонада таъмирлаш ишлари авжида. Бу ерда иссиқлик қувурларига ҳимоя учун махсус қоплама ўралмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, йирик иссиқлик қувурларининг қалин ҳимоя қопламалари билан мустаҳкам ва пишиқ тарзда ўралиши иссиқлик сарфини ташқарига чиқиб кетмаслигига хизмат қилади. Йиллар давомида қўлланилиб келинаётган бу амалиёт ҳам синалган, ҳам энергия тежамкор. Қозонхонадаги КВГ 4/65 сув насосларини жорий таъмирлашга 27 нафар ишчи-ходим бириктирилган.
– Қозонхонамизнинг асосий фаолияти кўп қаватли уйларга иссиқ сув ва иссиқлик энергияси етказиб беришдан иборат, – дейди Қибрай тумани "Иссиқлик манбаи" участкаси 2-қозонхона участка бошлиғи Ортиқ Ҳожиев. –Бу ерда 2 та қозон, 3 та асосий ва 2 та ёрдамчи насослар мавжуд. Улар тумандаги 1 минг 100 та хонадонда яшовчи аҳолига самарали хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 16 та ижтимоий соҳа объектларини ҳам қамраб олганмиз. Боғчалар, поликлиника, мактабларни ҳам иссиқлик энергияси билан таъминлаймиз.
Бу йил ҳам куз-қиш мавсумига ўз вақтида ҳозирлик кўрилмоқда. Айни пайтда 2-қозонхона ишчилари томонидан сув насосларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётир. Аниқланган носозликлар ўз вақтида бартараф этилмоқда. Ҳозиргача “Зебунисо” ҳамда “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 2 та янги қозон ўрнатилди. Аҳоли эҳтиёжи ва мурожаатидан келиб чиққан ҳолда зарур қулайликларни яратиш, иссиқлик таъминотини тизимли етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.







