Сурхондарёнинг ўз қонуни бор (ми)?!
Табиатни асраб-авайлаш муқаддас бурчимиз. Аммо сўнгги пайтларда инсоният томонидан кўрсатилаётган "меҳр"дан юраклар ларзага келади.


Сурхондарё вилоятининг Денов тумани марказида жойлашган янги қурилаётган ҳокимлик биноси қаршисидаги дарахтларнинг кесиб ташлангани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Буни ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг фикр-мулоҳазаларидан ҳам билиш мумкин. Мазкур вазиятга депутат Расул Кушербаев ҳам беэътибор бўлмади:

“Деновда дарахтлар билан боғлиқ вазият биз ўйлагандан кўра жиддийроқ бўлиб чиқди.

Туман марказидаги Шароф Рашидов, Намозгоҳ маҳалласидан ўтган йўл қатнов қисми ва бошқа ерларда ҳам юзлаб (балки минглабдир) қимматбаҳо дарахтлар ошкора кесиб ташланган, ҳатто ўтин сифатида сотувга қўйилганлари ҳам бор. Ҳар қадамда кесилган дарахт ўрнига дуч келиб йиғламоқдан бери бўласиз. Қонунсизликнинг чўққиси.

Вазиятга изоҳ талаб қилишнинг кераги ҳам йўқми,дейман-да. Чунки Сурхондарёда қонунлар ишламаслиги, масъуллар қонун олдида жавоб бермаслигига кўпчилигимиз ўрганиб ҳам қолдик. Президент Фармони ҳам оёқ ости қилинмоқда, лекин ҳамма жим...
Бу ҳудуднинг ўз қонуни борга ўхшайди: яшасин қонунсизлик, ўлсин она табиат”, дея изоҳ қолдирган депутат ўзининг facebookдаги саҳифасида.
Масъуллар нима дейди?
Давлат экология қўмитаси берган расмий маълумотга кўра, ушбу ҳолат Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг давлат инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда "Денов туман йўллардан фойдаланиш УК"нинг участка бўлими бошлиғи Ж.Ф. томонидан 109 туп қимматбаҳо дарахтларни рухсатномасиз кесиб ташланганлиги аниқланди.


Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, участка бўлим бошлиғи Ж.Ф.га нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари, яъни 2 245 000 сўм миқдорида жарима ва ўсимлик дунёсига 329 157 500 (уч юз йигирма тўққиз миллион бир юз эллик етти минг беш юз сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Ҳозирда жарима ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, "Денов туман йўллардан фойдаланиш УК"га хар бир кесилган дарахтлар ўрнига 100 донадан, яъни 10 900 дона қимматбаҳо дарахт кўчатлари экиш ва 3 йил давомида экилган кўчатларни парвариш қилиш ҳақида кўрсатма берилди.



Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари Деновда дарахтлар кесилганини нега ижтимоий тармоқларда чиққанидан сўнг “билиб қолишди”? Ахир, улар ўша ҳудуддаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун масъул эмасми? Бу саволга ким жавоб беради?
Масъуллардан жавоб кутиб қоламиз.
Баҳринисо МАДУМАРОВА







