Тадбиркорнинг ҳуқуқларини бузган мансабдор шахслар жаримага тортилди
мазкур қурилиш Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Ж.Х ва ҳокимлик бош юрисконсульти З.И.нинг бевосита кўрсатмаси асосида суднинг тегишли қарори бўлмасдан туриб, бузиб ташланган.

Қарши шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркор К.А (исм, фамилияси ўзгартирилган) қурилиш бўлаётган объект буздириб ташланганлигидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Маълумотларга кўра, мазкур қурилиш Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Ж.Х ва ҳокимлик бош юрисконсульти З.И.нинг бевосита кўрсатмаси асосида суднинг тегишли қарори бўлмасдан туриб, бузиб ташланган.
Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига кўра, Бизнес-омбудсманга хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан, мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатиши белгиланган. Шунга кўра, Бизнес-омбудсман Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ва бош юрисконсультига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, судга тақдим қилди.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг қарори билан шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Ж.Х.га 4 900 минг сўм, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти З.И.га эса 2 450 минг сўм жарима жазоси қўлланилди.







