“Коронавирус аслида йўқ нарса, деб...”- ўлимдан омон қолган қиз ҳикояси
”коронавирус аслида йўқ нарса, содда одамларни қўрқитиш учун ўйлаб топилган” дея жавоб берардим.

Бошланиши
2020 йилнинг 15-августи. Бу кунни ҳеч қачон унутолмасам керак. Ўша куни тонгда ўзимни бироз лоҳас ҳис қилган бўлсам-да, эътибор бермадим. Баъзи ишларимни битириш мақсадида нонушта ҳам қилмасдан уйдан чиқиб кетдим. Тўғриси ўша пайтларда covid-19 билан боғлиқ вазият оғир бўлсада, мен буни тан олмасдим, кўчаларда атайин ниқобсиз юрардим, масофа сақлашнику, умуман йиғиштириб қўйган эдим. Кимдир менга бу ишларим нотўғри эканлигини айтса: ”коронавирус аслида йўқ нарса, содда одамларни қўрқитиш учун ўйлаб топилган” дея жавоб берардим.
Тушга яқин бироз нафас ётишмаётгандек туюлди. Ўзимча "ҳаво иссиқ, шунга нафас етишмаётгандай бўлаётгандир” деб, беъэтибор юравердим. Лекин соат сайин ўзимни ёмон ҳис қилардим. Бир амаллаб уйга етиб келганимни биламан, биров худди қаттиқ бўғгандек бўлди, ҳовлининг ўртасида ҳушимдан кетиб йиқилдим.
Зангиота. Биринчи кун
Кўзимни очсам нотаниш жойдаман. Бурнимга нимадир бостириб қўйилган. Ён- атрофга кўз югуртириб шифохонада эканлигимни билдим. Кимнидир чақиряпман, лекин овозим чиқмаётгандек туюлади (кейин билсам онамни чақирган эканман). Бироздан сўнг ёнимга ҳамшира кириб келди. Қўлида таом солинган идишлар бор. Лекин у одатдаги ҳамшираларга ўхшамайди. Кўзи катта кўзойнак билан тўсилган, эгнида махсус кийим, икки қаватдан ниқоб. Тўғриси, қўрқиб кетдим. Бу юзимда ҳам акс этдими, ҳамшира менга далда бера бошлади. Бир амаллаб таомни едирди, кетидан бир қанча дорилар қабул қилдим. Аста -секин махсус шифохонада эканлигимни, Covidга чалинганлигимни англай бошладим. Шундан кейин яна қўрқув қайтди, ваҳимадан дир-дир титрардим. Ҳамшира дарҳол шифокорни чақирди. Шифокор келгунча минг хил хаёлга бораман. Ўзимча: "бу ердан ўлигим чиқса керак” деб ўйлайман. Шифокор етиб келгач, дарҳол иситмамни ўлчади. Иситмам йўқлиги маълум бўлгач, врач менга далда берувчи сўзларни айтиб, ёнимга ҳамширани (кейинчалик билдим исми Умида экан) қолдириб кетди.
Иккинчи кун
Эртаси куни Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида эканлигимни, бурнимни босиб турган нарса сунъий нафас олдириш мосламаси эканлигини билдим. Бу ҳам бироз қўрқувга сабаб бўлди, лекин қўрқув кечагидек кучли эмас эди. Шифокор ва ҳамшираларнинг ҳаракатлари менга ва бошқа беморларга умид бахш этарди. Биласизми, ўша кунлари бир нарсани англаб етдим: бемор учун энг кучли доридан кўра шифокорнинг бир оғиз ширин сўзи фойдалироқ экан. Зангиотадаги шифокорлар эса нафақат кучли билимлари, балки ширин сўзлари билан ҳам минглаб беморларнинг соғайишига сабаб бўлишди.
Учинчи кун
Учинчи куни аҳволим яна оғирлашди. Ҳатто сунъий нафас олдириш мосламаси хам керакли миқдорда кислород етказиб бера олмаётгандек эди. Шифокор дам -бадам келиб керакли кўрсатмаларни беради, Ҳамшира эса врачнинг айтганларини бажаради. Хаёлимда: “наҳотки умрим 20 ёшимда тугаса” деган фикр айланади. Умида опа берган дориларни ҳам ичгим келмайди, у эса баъзан илтимос билан, баъзан мажбурлаш билан дориларни ичиради. Муттасил тепамда туриб берилган дорилар ва таомлар ўз самарасини берди: ярим тундан кейин аҳволим яхшиланиб, уйқуга кетдим.
Шундан кейин бутунлай соғая бошладим. 6-куни сунъий нафас олдириш мосламасини олиб ташлашди. Мен ўша пайти яна бир ҳақиқатни англадим: нафас олиш бизга берилган энг катта неъматлардан бири экан. Умуман, Зангиотадаги ўтказган кунларимда биз эътибор бермайдиган жиҳатлар аслида энг муҳим нарсалар экканлигига амин бўлдим.
Хайрлашув
Келганимга икки ҳафта бўлгандан сўнг, топширган тестим ниҳоят манфий чиқди. Шундан кейин мени шифохонадан чиқаришга қарор қилишди. Кетаётганимда барча ходимларга чуқур миннатдорчилик билдирдим.
Шифохонадан беморлар билан бирга икки ҳафталик иш муддати тугаган шифокор ва ҳамширалар ҳам чиқиб келишди. Уларнинг юзларига қарадиму қўрқиб кетдим: кўзларида чарчоқ аломатлари яққол кўриниб турибди, юз-кўзларига кўзойнак чуқур излар қолдирган. Мен ўша пайтда ўзимдан ниқобсиз юрганим, covidни йўқ касал деб ўйлаганим учун уялиб кетдим. Лекин шифокорлар шунда ҳам ўз вазифаларини сидқидилдан адо қилишди, бирор беморга қўпол муомала қилишмади, бирорта беморни ўз ҳолига ташлаб қўйишмади. Улар нафақат мени балки бутун Ўзбекистонни қутқаришди. Шифокорлар-ҳақиқий қаҳрамонлардир.
Жаҳонгир Кузиев







