“Қизил китоб”га киритилган ҳайвонлардан бири бўлган олакўзаннинг ҳаёти сақлаб қолинди
Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига телефон орқали Қўшкўпир туманидаги Ғозовот қишлоғида номаълум бир жониворни ярадор ҳолатида топишгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

“Қизил китоб”га киритилган ҳайвонлардан бири бўлган олакўзаннинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда Хоразм вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига телефон орқали Қўшкўпир туманидаги Ғозовот қишлоғида номаълум бир жониворни ярадор ҳолатида топишгани ҳақида мурожаат келиб тушган. Мурожаат юзасидан Хоразм вилояти Экология бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилиб, айтилган ҳудудга бориб ўрганиш олиб борилди.

Қўшкўпир туман инспекцияси инспекторлари бу ярадор жонивор “Қизил китоб”га кирган олакўзан эканлигини аниқлашди. Унинг аҳволини кўздан кечиришиб, бирламчи ветеринария ёрдамини кўрсатишди ва шундан сўнг табиатга қўйиб юборишди.








