ОТМга кириш тест синовларини қаерда ўтказилади?
Пандемия ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларига ўз таъсирини ўтказди. Бу жараёндан таълим ва унга боғлиқ бўлган қабул ҳамда кириш имтиҳонлари ҳам четда қолмади.

Энг аввало, ўтган ўқув йили мамлакат тарихида илк бор оммавий равишда масофавий таълимга ўтилди. Иккинчидан, ОТМга тўлиқ онлайн ҳужжат қабул қилиш жараёнлари йўлга қўйилди. Учинчидан, эпидемиологик вазият ҳисобга олиниб, кириш имтиҳонлари очиқ майдонларда-хиёбон ва спорт мажмуаларида ўтказилди.
Сўнгги кунларда эпидемиологик вазият яна оғирлашди. ССВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, республикада кунлик касалланиш ҳолатлари 400 дан ортиқ. Шунингдек, республика бўйича пневмония билан касалланиш ҳолатлари кўпайганлиги қайд этилмоқда. Хўш, ушбу ҳолат бу йилги кириш тестларига қандай таъсир қилади? Тестлар бу йил қаерда олинади? Очиқ майдонларда ва ёпиқ биноларда тест олишнинг қандай афзаллик ва камчиликлари бор?
ДТМ позицияси
2021 йил 30 июнь куни АОКАда давлат тест маркази иштирокида қабул жараёнларига бағишланган брифингда, ДТМ бошқарма бошлиғи Б.Тошпулатов бу йил тест жараёнларини ўтказишнинг икки хил сценарийси муҳокама қилинаётганини билдирган. Яъни ёпиқ биноларда ёки худди ўтган йилдагидек очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказиш. Бунинг учун керакли бино ва стадионлар миқдори ҳам кўрсатиб ўтилган.
Қайси бири афзал?
Тест синовларини ташкил этиш жуда катта жараён ҳисобланади. Унда кўплаб омиллар ҳисобга олиниши лозим. Қуйида ёпиқ бино ва стадионларда тест жараёнларини ўтказишнинг афзаллиги ва камчиликлари муҳокама қилинади.
Стадионларда тест синовларини ўтказиш:
Афзаллиги
Касаллик тарқалиши жараёни олди олиниши мумкин. АҚШлик олимлар томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқотларда коронавирус мавжуд бўлган ҳаво томчилари ёпиқ иншоотларда бир неча соатгача сақланиб туриши мумкин. Бу вақт оралиғида ундан бир неча ўнлаб одамлар зарарланиши мумкин. Тест жараёнлари ёпиқ иншоотларда бўлган вақтида иншоот ичида бир вақтнинг ўзида мингтагача абитуриент жойлашади. Очиқ стадионларда эса касаллик тарқалиш хавфи камроқ.
Камчилиги
2021 январь ойида ДТМ ва u-report 2020-йилги тест синовлари бўйича сўровнома ўтказади. Сўровномада иштирок этган 30 фоиз респондентлар тестларни очиқ жойларда ўтказилганлигини маъқуллашмаган. Респондентларнинг аксарияти табиий омиллар-ёруғлик, ҳарорат, шунингдек, шовқин абитуриентларга ҳалал берганлигини қайд этишган.
Ҳақиқатдан ҳам ноқулай об-ҳаво шароитларида очиқ иншоотларда тест синовларини ўтказиш қийин. Айниқса сўнгги кунларда республикада кузатилаётган аномал иссиқ пайтида стадионларда тест жараёнларини ўтказиш абитуриентларга ноқулайликни вужудга келтиради.
Ёпиқ иншоотларда тест синовларини ўтказиш
Афзаллиги
Ёпиқ иншоотларда тест синовларини ўтказишнинг энг катта афзалликларидан бири шундаки, унда ҳар қандай об-ҳавода тест синовларини ўтказиш мумкин. Ўтган йилги тест синовларида баъзи ноқулай об-ҳаволи кунлар кузатилгани, баъзи абитуриентларга бу ноқулайлик туғдиргани ДТМ ва u-report 2020-йилги тест синовлари бўйича сўровномасида абитуриентлар томонидан қайд этилди. Жумладан, респондентларнинг 19 фоизи об-ҳаво ноқулайликларини белгилашган. Ёпиқ иншоотларда об-ҳаво билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмас.
Ёпиқ иншоотларда фикр жамланиши яхшироқ, сабаби шовқин камроқ. Юқоридаги сўровномада 7 фоиз респондентлар “очиқ майдонда фикримни жамлай олмадим” деган вариантни белгилашган. Бу йил 5 та фандан тест синовлари ўтказилиши ҳисобга олинса, бу фактор янада катта аҳамият касб этади.
Камчилиги
Ҳозирги пандемия шароитида ёпиқ иншоотларда тест ўтказиш касаллик тарқалиши хавфини кучайтиради. Юқорида қайд этилганидек вирус ёпиқ иншоотларда бир неча соатгача сақланиб туради. Ёпиқ иншоотларда ижтимоий масофа сақлаш бироз қийинроқ.
Хулоса ўрнида
Тест синовлари ўтказилиши ўта муҳим жараён. Амалда бу жараён олий таълимнинг келгуси 4 йилини белгилаб беради. Шу сабабли бу жараённи тўғри ташкил этиш катта аҳамиятга эга. Тест синовларини ташкил этишда энг аввало имтиҳон жараёнларини шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш, қолаверса тест пайти абитуриентлар учун максимал даражада мақбул шароитлар яратишга эътибор қаратиш лозим. Тест синовларини қандай шароитда олинишидан қатъий назар ўтган йиллар давомида кузатилган баъзи камчиликларни тузатилиши жараённинг янада яхшиланишига сабаб бўлади.
Жахонгир Кузиев







