Оёқда кишан билан 11 йилдан буён яшаётган қиз
Тошкентда ҳар куни эрталаб ижара уйда яшайдиган эр-хотин оёғига кишан урилган 11 ёшли қизининг устидан қулфлаб ишга отланади. Эркак қурилишда, аёл эса кунига 50 000 сўм тўлов эвазига сомсахонада ишлайди. Қизалоқ уззукун ота-онасининг келишини кутиб, эшик пойлайди. Қашқадарёнинг Чироқчисида уй-жойи бўлса-да, улар ойига 200 доллар тўлаб, Тошкентда ижарада яшайди. Ҳаёт шунга мажбур қилган. Уларнинг ўз ҳикояси бор...


Умиднинг ниҳояси борми?
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги чекка бир қишлоқ. Тун яримдан оққан маҳал. Баҳоранинг ғингшиб йиғлаши эндигини уйқуга кетган Сожида опани уйғотиб юборди. Шўрлик онаизор сапчиб туриб, ўринда ётган қизчасига аста яқинлашиб, беҳаловат боқди. Жажжи болакайнинг пешонасида маржон каби тизилган тер чаккасига тушиб, ёстиқни жиққа ҳўл қилган эди. Бола безовталанганча оёқларини ўринга ишқалаб, гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга ағдариларди. “Қизим туғилгандан бери тиниқиб ухламайди. Бирор жойи қаттиқ оғрияптимикан-а”, дея хаёлидан ўтказди у. Қизининг кийимларини алмаштирди-да, қулоғига шивирлаб алла айта бошлади. Бола оғриқни бироз унутиб, тинчлангандек бўлди. Тонг отиши билан Баҳорани шифокор кўригига олиб боришди. Ўша куннинг ўзидаёқ шифокорлар унинг митти оёқчаларига “кишан” солди. Унинг чап оёғи қийшиқ ва ривожланиши сусаяётганини ота-онаси кеч билди. Сожида опа ва турмуш ўртоғининг ҳаловати мана шу кундан йўқолган. Мана, 11 йилдирки, улар аламли кўз ёшлар ва изтироб ила кунни тунга, тунни тонгга улайди. Бахтнинг қўша келиши инсоннинг орзуларига қанот, яхши кунлар тантанисига маёқ бўлади. Бироқ дард қўша келсачи?
— Ўша пайтлари содда бўлганмизми, қизимни биринчи марта шифокорга олиб борганимизда бизга унинг касаллигини тушунтирмай оёғини гипслаб қўйган, — дейди Баҳоранинг ойиси Сожида Холмаҳматова. — Дадаси иккаламиз ҳам нимага гипс қилганига тушуниб-тушунмай, майли, боламиз соғайиб кетса бўлди-да, деган ўй билан келаверганмиз. Икки ёшга тўлар тўлмас ўғлим дунёга келди. Ўзим “сариқ” касали бўлиб ота уйимда даволанаётган кезларим эди. Турмуш ўртоғим ва бувиси уни Самарқандга лазер операция қилдириш учун олиб боришади. Оёғини ўстириш мақсади-да “чўздир”ишади. У ерда 20 кун даволанган. Бир-икки ой оёғи гипсда турди... Охири 3 ёшга тўлганда Тошкентга олиб келдик. Бу ердаги шифокорлар: бола туғма нуқсон билан дунёга кеган, чап оёғи жуда кичкина, ҳозир гипс қилолмаймиз, чунки оёқ кучсизлниб қолган, деди. 5 ёшигача кучга тўлишини кутдик. Шундан сўнг шифокорлар оёғини операция қилиб, сим қўйишди. Уч ой яна оёғи гипсда турди. Шу орада оёғининг ичига қўйилган сим синиб кетди. Шу-шу, 5 ёшидан бери оёғининг ичида синган сим турибди. Шифокорлар сим нотўғри жойдан сингани ва уни олиш ташлаш кераклигини бизга жуда кўп айтишди. Аммо ҳамма нарса иқтисодга тақалгани учун операция қилдиролганимиз йўқ. Оёқдаги муаммо ҳисобига умуртқа поғонаси ҳам нотўғри ўсиш ҳисобига қийшайган. Шу йил январда уйга кираётиб, қўлтиқтаёқда йиқилиб тушиб, ўнг оёғи ҳам синиб қолди. Иккинчи оёғи ҳам беш ой гипсда турди. Гипсини олдириб, қизимни қишлоққа қўйиб келдик. У ёқда бир кун турар-турмас оёғи қайта синиб қолгани ҳақида хабар эшитдик. Мана, ўшандан бери мана шу аҳволда (қизига ишора қилиб) ўтирибмиз.
Мақоламиз қаҳрамонлари пойтахтда ижарада ўз ҳузур-ҳаловатларини ўйлаб эмас, балки Баҳорага қулай шароитлар борлиги учун яшашмоқда. Аввал ўнг оёғи соғлом бўлган пайтда қизалоқ қўлтиқтаёқда бўлса ҳам юра оларди. Энди эса...
— Даволаниш учун ҳар гал Тошкентга келганимизда бизни ижара муаммоси ҳам ўйлантирарди, — дейди Сожида опа. — Яшашга жой тополмай, қишнинг қаҳратонида кунимизни шифохонада, тунимизни қоровулхонада ўтказган пайтларимиз жуда кўп бўлди. Охири қимматроқ бўлса ҳам ижарага уй топишга қарор қилдик. Ижарага 200 доллар тўлаймиз. Хўжайиним қурилиш соҳасида ишлаяпти, ўзим икки боламни уйга ташлаб, кунлик ишга чиқяпман. Баҳорага ҳар ой нафақа пули оламиз. Аммо берилган нафақа ўзининг дори-уколларидан ортмайди. Ҳозир ҳам пулимиз йўқлиги учун шифокор ёзиб берган охирги дориларини оберолмадик. Қариндош-уруғлардан ёрдам сўролмаймиз. Чунки улар ҳам ўзидан орттиролмайди. Ўтган йили карантин бўлгани сабаб жуда қийналиб қолдик. Тегишли ташкилотлар орқали Чироқчидаги маҳалламизга мурожаат қилдим. Шундан сўнг ёрдам тариқасида 5 миллион сўм пул беришди. Бунга қўшимча бўлсин дея ўтган ойда таниқли хонанданинг телеграмдаги саховат гуруҳини топдим дея қувониб, админига мурожаат қилдим. У пластик картамда 300 минг сўм пул бўлиш кераклиги ва у бизга ёрдам тариқасида 5 миллион миқдорида пул ўтказиб беришини айтди. Ишонишим учун ҳатто паспортининг расмини ҳам ташлади. Ўша кунлари пластигимда пул йўқлиги учун ҳозирги ижарада турган уй эгасидан 300 минг сўм қарз олдик. Карта рақамимни админга ташладим. Менга смс хабар келишини, кодни унга айтсам, картамга пул тушишини айтди. У айтгандек код келиши билан айтдим. Аммо... Аммо бизга пул тушмади. 13-июнь куни картамиздаги 303 минг сўм пулни ечиб олди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмоқчи бўлдим. Лекин хўжайиним, қўявер, Аллоҳ барчасини кўриб турибди-ку, дея мени қайтарди. Ўзимиз ишлаб, қарзга олган пулни эгасига қайтардик.
Баҳоранинг калта бўлиб қолган оёғини ва қийшайган умуртқа поғонасини операция қилдириш учун чет элдан шифокор чақириш ёки уни чет элга олиб бориш керак экан. Аммо бунга бизнинг имконимиз йўқ.
Умид... Биргина мана шунинг амалга ошиши қанчадан-қанча тақдирларга қувонч улашади. Дардлардан фориғ бўлиши, армонларининг аришига сабаб бўлади. Аммо унинг ниҳояси борми?
Баҳора ҳар куни тушида юриб кетади

Ҳатто қизалоқнинг тушлари ҳам орзу-истакларидек покиза, соф. Кўзларидаги мунгли ва аламли ёшлар кун келиб севинч ёшларига айланишига ишонамиз.
— Менинг энг катта орзуйим пианино чалиш, — дейди 12 ёшли Баҳора Қулмаҳматова. — Тузалиб, катта бўлсам ота-онамга пианино чалиб бераман. Машина олиб бераман. Ҳар куни тушимда оёғим тузалганини кўраман. Уйқудан уйғонгач ойимга тушимда юриб кетганимни айтиб бераман. Оёғим яхши бўлиб кетса ҳаммамиз бирга яшаймиз, дейман. (Баҳоранинг 9 ёшли укаси қишлоқда қолган, у укасини жуда соғинади.) Тикувчи бўлишни орзу қиламан. Ойимга жуда кўп айтаман менга тикувчиликни ўргатинг, деб. Аммо ойимнинг вақти бўлмайди.
Баҳора юра олмагани учун 1-2-синфларни махсус бириктирилган устозлари орқали уйда ўқиган. Пойтахтга келганидан бери ота-онаси пул топиш илинжи ва унинг тезроқ оёққа туриши учун ҳаракат қилиб, қизалоқнинг ўқиши ҳақида суриштиришмаган. Онасининг сўзларига кўра, бу йил янги ўқув йилидан унинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратмоқчи.
Орзулари осмон Баҳора ҳам юриш, тенгқурлари билан бирга мактабга, ўзи қизиққан тўраракларга боришни истайди. Кўча чангитиб ўйнагиси келади. Аммо етишмовчилик унинг орзулари ушалишига кишан бўлмоқда. Кўпнинг оз-оздан бергани эса уни бу дарддан қутқаради, деган умидимиз бор. Зеро, “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир.”
Мавзуга мутасадди ташкилот вакиллари эътибор қилишларини сўраймиз.
Баҳора Қулмаҳматовага оид маълумотлар:
Uzcard: 8600060926401184 (Халқ банки, Холмаҳматова Сожида (онаси) номида)
Uzcard: 8600061091725423 (Халқ банки, Холмахматова Сожида (онаси) номида)
Телефон: +99893 517 43 37
Баҳринисо МАДУМАРОВА тайёрлади.
Тасвирчи: Юлдуз РУСТАМОВА.







