Fabbing: 10 йилдан кейин бизни нималар кутмоқда?
Охирги кунларда яна бир янги атама – Fabbing тез-тез учраб турибди. Хўш, Фаббинг нима?

Fabbing икки сўзнинг қўшилмасидан ҳосил бўлган: phone (телефон) ва snubbing (илтифотсизлик, эътиборсизлик кўрсатмоқ) phubbing (Фаббинг деб ўқилади).
Олимларнинг айтишича, Фаббинг интернетга қарамлик ва бирор муҳим нарсани ўтказиб юборишдан қўрқиш ҳиссига боғлиқ ҳодиса.
Инкор этиб бўлмас ҳақиқат, бугун биз интернет ва телефонга жуда боғланиб қолганмиз. Бунинг нимаси ёмон? Аҳир, қанчадан қанча ишларимиз бир қўнғироқ билан ҳал бўлиши мумкин. Интернет ёрдамида узоқдаги яқинларимиз билан дийдорлашиш имкони бор. Энг асосийси, биз билмаган дунё ҳақида билиш, турли мамлакатларга онлайн саёҳат қилиш имкони. Телефон ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто бу ҳақида турли латифалар, аскиялар бор. Аваз Оҳун айтгандек, бир нима қирс этган бўлса у белимиз бўлса ҳам, телефонимиз бўлмасин.
Бугун Fabbing ҳақида мутахассис билан суҳбатлашдим.
Фирдавс Абдураҳмонов (“Нова” психологик марказ раҳбари) – Биринчи навбатда айтиш керакки, телефон бу комфорт зона. Сиз интернетда ўтирганингизда у ерда кимдир сизни урушадими? Йўқ! Аксинча, янги расм қўйсангиз сизни мақташади, қандайдир ютуққа эришган бўлсангиз сизни олқишлашади. Тасаввур қилинг, агар расм ёки видео қўйганингизда ҳеч ким кўрмаса, фикр билдирмаса сиз яна расм қўйиш тўғрисида ўйлаб кўрасиз. Балки кейин умуман расм қуймассиз ҳам. Доимий янги постлар, расмлар қўйиш нима учун? Эътибор учун. Биз инсонлар айниқса болалар ва ёшлар эътибор исташади. Уни олқишлашларини, мақташларини истайди. Ташқи дунёда тан олинмаслик натижасида ҳам интернетга қарамлик ҳолати кузатилмоқда. Бу эса комфорт зона дейилади. Аввало комфорт зона нима эканлигини билиб олсак. Комфорт зона бу шахснинг ўзига қулай бўлган жой. Демак, одамларга интернетга кириш бу у учун қулай муҳит дегани. Ҳақиқатда интернет орқали кўплаб инсонларни ҳаттоки, яқинларимизнинг ҳам эътиборида бўлишимиз мумкин. Инсон табиатан эътибор, меҳр ва ишонч билдиришларини истайди. Интернет эса айнан шу муҳитни яратиб беради.
Ёки ёш болаларнинг турли ўйинларга боғланиб қолишлари мисолини ҳам кўрсак. Ҳар бир ўйинда унга вазифалар берилади, шу билан бирга у ҳар бир ўтган босқичи учун турли рағбатлар, мукофотлар олади. Олқишлар чалинади. Нега биз шуни ҳаётимизга кўчирмаймиз? Нега болаларни рағбатлантирмаймиз, олқишламаймиз? Вазифалар берамиз, лекин рағбатчи? У айнан шунга бўлган эҳтиёжини кейин албатта телефон ва ундаги ўйинлар билан қондиради. Шахсни шахс сифатида тан олиш керак! У бола бўладими ёки ёши катта инсон. Инсонлар доим ўзининг яхши эканини тан олишларини, шахс сифатида тан олишларини истайди. Фарзандларимизни хато қилгани учун урушиш, қаттиқ гапириш билан ўзимиздан узоқлаштирамиз. Дакки эшитган жойи у учун доим дискомфорт зона ҳисобланади. Ота-оналар ҳаракат қилишлари керакки, у учун интернет комфорт зона бўлиб қолмаслигига.
Ёши катта инсонлар нега доим интернет ва телефондан фойдаланишга онлайн бўлишга ҳаракат қилишади? Биз доим шошамиз. Кўп нарсага бир вақтнинг ўзида эга бўлишга ёки амалга оширишга уринамиз. Ҳамма нарса оддий. Одамлар ўзи мураккаблаштириб, шу мураккабликлар натижасида ўзи қийналиб, мақсадсиз қолишмоқда. Мақсадни аниқлаш ва шунга қараб ҳаракат қилиш керак. Интернетда гўзал ҳаётни кўриб уни ўзида бўлишини истаб, пулга боғлиқ деб ҳисоблай бошлашди.
Қадриятларни пулга алмаштирмаслик керак.
Бу суҳбатдан кейин ўзимга ўзим савол бердим. Бундан 10 йил олдин аҳвол қанақа эди? Дўстлар билан сайр саёҳатлар, яқинлар давраси. Телефонсиз ҳаёт эди. Телефон бу даражада ҳаммада бор эмас эди. Бугун баъзи одамларда 2 ва ундан ортиқ телефон бор. Шу керакми? 10 йилдан кейин ҳаётимиз қанақа бўлади? Бугун телефон ва интернетга қарам бўлиб улғаётган авлод келажаги қанақа бўлади? Демак, биз ота-оналар олдида катта масъулиятли вазифа турибди. Фарзанд тарбиясида унга комфорт зона яратиш. Бу комфорт зона айнан уйда, яқинлари даврасида эканини кўрсатиш лозим.
Бугун ҳамма нарса тезлашиб кетди. Кўп нарсага улгуришга уринишимиз ҳам табиий. Лекин, олдимизга қўйилган мақсад(лар)имизни унутмаслик керак.
Шаҳноза Ҳолиқова.







