Татар халқи меҳмонларни ҳафа қилишни гуноҳ деб ҳисоблайди
16 июнь куни Татаристон Республикасининг Президенти Рустам Минниханов амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Маълум бўлишича, Ўзбекистонда Татаристон Президентининг "Татаристон-Ўзбекистон" бизнес форуми, ишбилармон доиралар билан учрашуви, "ТЕХНОПAРК" МЧЖга, "Россия – Ислом дунёси" стратегик визион гуруҳининг кун тартибидаги ишларида иштирок этиши режалаштирилган. Шунингдек, ташриф доирасида Рустам Минниханов анъанавий равишда маҳаллий татар жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказиши режалаштирилган.

Келинг, ушбу ташриф баҳонасида Ўзбекистонда яшайдиган татарлар ҳаётига бир назар ташлаймиз.
Мамлакат аҳолисининг бир фоизи
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда энг йирик хорижий диаспораларидан бири — татарлардир. Маълумотларга кўра, 2016 йилда республика аҳолисининг сони 32,5 миллиондан ошган. Бугунги кунда Ўзбекистонда тахминан 300 минг нафарга яқин татарлар истиқомат қилишмоқда, улар мамлакат аҳолисининг 1 фоизга яқинини ташкил этади.
Бугунги кунда www.tatarlar.uz ахборот портали мавжуд бўлиб, 2 тилда (рус, татар) фаолият юритади. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда “Tatarlar” номли бир қанча гуруҳлар мавжуд.
Татар урф-одатлари, тўйлари, ошхонасига назар соламиз. Татар миллати вакиллари билан яқиндан танишамиз.
Татар анъаналари

Татар анъаналарида ёрқин ранглар муҳим ўрин тутади. Улар уй ва ҳовлини безашда ҳам ёрқин ранглардан фойдаланади. Қўл меҳнати жуда қадрли бўлиб, кўпинча рангли каштадўзлик билан шуғулланишади. Ислом дини одамлар ва ҳайвонларнинг тасвирларини туширишга рухсат бермайди, шунинг учун сочиқ, чойшаб, адёл, йўллар ва ҳоказоларда мавжуд бўлган геометрик нақшлардан фойдаланишади. Шу каби қўл меҳнати буюмлари билан татарлар бутун дунёга машҳур бўлишган.
Татар оилаларида оилада эркак бошлиқ бўлиб, унинг сўзи муҳим ҳисобланади. Татар оилаларида онанинг ўрни муҳим, бола тарбияси аёлга ишонилади. Татарларда ҳам ўзбеклар каби каттага ҳурматда бўлинади. Кўплаб қарашлари ўзбеклар билан ўхшаш.
Татарлар мехмондўстлиги, болажонлиги билан жуда машҳур. Келган меҳмонни хафа қилиб жўнатиш катта гуноҳ деб ҳисобланилади.
Татар ошхонаси тарихи

Татарлар миллий ошхонасининг шаклланишига қўшни халқларнинг яқинлиги, шунингдек, Шарқни Ғарб билан боғлаган Буюк Ипак йўли сезиларли таъсир кўрсатган.
Шунинг учун татар ошхонаси кўчманчи ва қўшни халқларнинг турли таомларини тўплаб, сезиларли даражада ўзгартирган. Қадим замонлардан бери, асосий таомномаси палов, шарбат, ҳолва, чой, қуритилган мевалар, зираворлар, ёнғоқ, ва гуруч кабиларни ўз ичига олган.
Татарларда гўштнинг энг қимматбаҳо анъанавий турлари от гўшти ва қўзичоқ бўлиб, камроқ даражада мол гўшти кенг тарқалган. Гўшт тузланган, дудланган, қуритилган, қайнатилган, қовурилган, бир сўз билан айтганда, ҳар қандай шаклда тановул қилинади.
Сут, қимиз ёки айрон каби тетиклаштирувчи доривор ичимликлар тайёрланади. Шунингдек, турли сут маҳсулотлари: шўр пишлоқлар, қаттиқ, сметана ва творог доим истеъмол қилинади.
Татар ошхонасида дон маҳсулотлари катта ўрин тутади, ун ва хамирдан кўплаб миллий таомлар тайёрланади.
Татар миллий таомлари

Анъанавий татар таомлари хамир таомлар ва турли хил пломбаларга асосланган.
Татар иссиқ овқатларидан “Бишбармак”, “токмач”, “Азу татар ичида”, “Кйздйрма”, “катлама” жуда машҳур.
Бундан ташқари “Эчпочмак” (татар тилидан таржима қилинган "ЭЧ" - уч-сон "почмак" – бурчак маъносини англатади), “Перемячи” ( юмалоқ шаклга бўлиб, жуда тўйимли ва мазали бўлади), “қистиби” (хамиртурушсиз хамирдан тайёрланиб, ичида картошка пюреси бўлади), ҳамда “Балеш” жуда машҳурдир.
Татар ширинликлари “Чак-чак”, “Губад” (начинкаси майиз, қуритилган ўрик ва ўрик иборат бўлиб, татар ошхонасида энг мазали ширинликлардан биридир.), акшая шарма (тухум ва шакар билан кўпиртирилган хамиртуруш хамир ва қаймоқдан иборат жуда нозик, мазали торт), коймак (ҳар қандай ун туридан тайёрланиши мумкин: буғдой, сули, нўхат, гречка, ёғ, крем, асал ёки мураббо билан тановул қилинади).
Татар ошхонасини ўрганар эканмиз, уларнинг ўзбек ошхонаси билан ўхшаш томонлари кўп эканлигини кўришимиз мумкин. Масалан, “Бешмармоқ”, “Чак-чак”, “Дўлма”, “Қатлама” ўзбек ошхонасининг ҳам севимли таомларидан.
Татар тўйлари

Татарлар асосан мусулмон бўлиб, ислом қонунларига кўра тўй ўтказилишини тақозо этади. Қадимги халқнинг бой миллий урф-одатлари татар тўйини ўзига хос ва қизиқарли қилади.
Татар халқи ўз урф-одатларини ва ўзига хос маросимларини сақлаб қолган кучли миллий руҳга эга бўлган жуда қадимий маданиятга эгадир. Татарларнинг тантанали маросимлари узоқ вақтдан бери ўзига хос тарзда ўтказилиб келинади. Улар хотиржамлик, фаровонликка жиддий эътибор беришади, кўп болалик эса оилани мустаҳкамлайди деб ҳисоблашади.
XX асрнинг бошларида татарлар келинни ўғирлаб кетиш, қизнинг куёвга ихтиёрий равишда бориши каби тўйлар бўлган. Бугунги кунда никоҳ қуриш одатий ҳолга айланди. Никоҳнинг бу шакли, қизнинг куёвга ихтиёрий равишда кетиши ва келинни ўғирлаб кетишидан фарқли ўлароқ, маросимга қатъий риоя қилиш билан ажралиб туради.
Тўй тартибига куёвнинг қариндошларидан келиннинг ота-онасига таклиф келиб тушгач ва тўй пайтида совғалар сони ва сифати – қалин тўй вақтида муҳокама қилинади. Куёвнинг қариндошлари келин учун тўловни тўлаши керак бўлган совғалар рўйхатида бош кийим, пойабзал, уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак, тўшаклар албатта киритилади. Бундан ташқари, куёв тараф келинни тўйга тайёрлаш ва тўй куни учун озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда пул бериш керак. Шу билан бирга куёв тўй куни келинга қимматбаҳо совға – тилла буюмлар ҳадя қилиши шарт. Тўйдан кейин куёв томон келинга турли совға-саломлар беради.
Шаҳноза Холиқова







