Хориждаги 41 нафар ватандошларимиз видеомурожаати назоратга олинди ─ Сенат
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда “Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?” сарлавҳа остида эълон қилинган видеомурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.


Унда 41 нафар ватандошимиз Ташқи Меҳнат миграцияси агенлиги Андижон филиали орқали Россия Федерациясига ишга жўнатилгани, бироқ у ерда етарли шарт-шароит яратилмагани, ваъда қилинган маош тўланмаётгани таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур видеомурожаат Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди.
Қайд этилишича, қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берилиши бўйича сўров юборилди.
Ҳолат бўйича ўрганиш натижалари маълум қилинади.







