Қашқадарёга Хитойдан 18 та махсус сув ташиш техникалари олиб келинди
Қашқадарё вилоятига Хитой Халқ Республикасидан 18 та махсус сув ташиш техникалари олиб келинди.


Қайд этилишича, «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан вилоятнинг ичимлик суви етиб бормаган ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳудудга 18 та 25 тоннали Shacman русумли махсус автомашина олиб келинган.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг маълумот беришича, айни кунда вилоятдаги аҳоли пунктларининг 37 фоизида яшовчи аҳоли ичимлик суви билан таъминланган.
«Бундан беш йил илгари вилоятдаги аҳоли пунктларининг 52 фоизи ичимлик суви билан таъминланган деган маълумот бўлган. Аслида айни кунда бу кўрсаткич 37 фоизни ташкил қилмоқда. Шу сабаб ҳам 2021 йилда вилоят аҳолисининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 435 миллиард сўм маблағ ажратилган», — деди вилоят ҳокими Зоир Мирзаев.
Зоир Мирзаевнинг қўшимча маълумот беришича, Қашқадарёга шу пайтга қадар ичимлик суви муаммосини ҳал этиш учун йилига нари борса 100 миллиард сўмдан берилган.

«2020 йилда 100 миллиард сўмдан пул олган бўлсак, олдинги йилларда 47 миллиард сўмдан 76 миллиард сўмгача пул берилган. Бу йил республика бюджетидан 435 миллиард сўм олдик. Бу жуда катта маблағ ва кўплаб муаммолар ечими дегани. Мазкур маблағ эвазига вилоятдаги 102 та қишлоқда яшовчи 371 минг 200 нафар аҳолининг ичимлик суви муаммоси ҳал бўлади», — дейди Қашқадарё ҳокими.
Таъкидланишича, Хитой Халқ Республикасидан Ўзбекистонга 25 тоннали Shacman русумли махсус автомашина 100 та олиб келинган бўлиб, шунинг 18 таси Қашқадарёга берилган.








