Жамият

Ота-онаси тақдири билан қизиқмаган болалар ҳаёти Президент учун аҳамиятли

“Меҳрибонлик уйи...” Бу даргоҳ турли тақдирлар, эътиборга ташна, оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг баҳрида униб-ўсиш саодатидан мосуво қалбларни бирлаштирган меҳр маскани. Туғилибоқ ҳаёт зарбасига дуч келган, ота-она меҳридан айро айрим мурғак қалбларининг тақдири ҳам бевосита ана шу уй билан билан туташ.   Шундай бўлса-да, бу масканда орзулари бир олам, ҳаёт берадиган зарбалардан чўчимайдиган, қийинчиликларни сабр ила енгиб ўтишга интиладиган болалар яшайди.

Ота-онаси тақдири билан қизиқмаган болалар ҳаёти Президент учун аҳамиятли


Митти юракда улкан ҳайрат билан

Кеча пойтахтимиздаги 21-меҳрибонлик уйи жамоаси — тарбиячиларнинг ҳам, тарбияланувчиларнинг ҳам хотирасида қувончли кун сифатида бир умрга муҳрланди. Боиси, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев муассасага ташриф буюриб, бу ердаги шароитларни кўздан кечирди. Тарбияланувчилар билан дилдан суҳбат қуриб, келажакка илк қадам қўйиш арафасида турган ёшлар руҳини кўтарди. Уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширди. 

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган 21-меҳрибонлик уйида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 122 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Тарбияланувчиларнинг билим олиши ва мустақил ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароитлар яратилган. Таълим жараёнига умумтаълим фанлари ўқитувчиларидан ташқари қўшимча тарзда психолог, логопед, дефектолог ҳамда тўгарак машғулотлари олиб борувчи мутахассислар ҳам жалб этилган. Бироқ тўгарак фаолиятини юритиш учун малакали мутахассисларга эҳтиёж сезилади. 


Президентимиз тарбияланувчилар билан самимий суҳбат қурди.

Зайнаб 8 ёшда. 1-синфни битирди. У “Меҳр-2” операцияси доирасида Суриядан Ўзбекистонга келтирилган. Оиладаги 5 нафар фарзанднинг барчаси мана шу муассаса тарбияланувчиси.

Зайнаб Суриядаги нотинчликларнинг гувоҳи бўлган. ОЗОДЛИК, ТИНЧЛИК, ҲОТИРЖАМЛИК каби улуғ неъматларни Она ватанига келибгина ҳис этди. Бу қизалоқ митти юрагида улкан ҳайратларни кўтариб юрибди. 

— Мен Президентга ўзим ёзган шеъримни айтиб бердим, — дейди у. — Барча мени олқишлади. Жуда хурсанд бўлдим. Бироз ҳаяжонландим, аммо сал-да ўтиб кетди. Келажакда яхши инсон бўлиб, юртимиз учун хизмат қиламан. Одамларга яхшилик улашаман. 

“Президентимиз ҳаётимни ўзгартириб юборадиган қарорни айтдилар”

Меҳрибонлик уйига Давлатимиз раҳбарининг ташрифи Исфандиёр учун ҳам қутлуқ келди. Чунки у Президент кўмаги билан муддатидан аввал Тошкент давлат маданият ва санъат институти талабаси бўлди. 

 

 

— Мен 2003 йил Жиззах шаҳрида туғилганман. Ота-онам ўзаро келишолмай жанжаллар туфайли ажрашишди. Дадам Кореяга, онам Дубайга кетиб қолди. Биз — опам ва синглим билан кўчада қолиб кетдик. Қариндошларимиз бизни меҳрибонлик уйига топширишди. Бу ерга келганимга етти йил бўлди. Ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қиламан. Бу йил 11-синфни битирдим. Болалигимдан режиссёрликка қизиқаман. Яқиндагина ҳужжатларимни Тошкент давлат санъат ва маданият институтига топширдим. Имтиҳонларга астойдил тайёрланаётган эдим. Давлатимиз раҳбари биз билан суҳбатда орзуларимиз, келажакдаги мақсадларимизни ҳам сўрадилар. Мен орзуларим ҳақида сўзлаб бердим. Шунда Президентимиз ҳаётимни ўзгартириб юборадиган бир қарорни айтдилар: “Сен давлат бюджети асосида институтга қабул қилиндинг!” Нима қилишни, нима дейишни билмай қолдим. Бу тушга ўхшарди. Сўз билан таърифлаб беролмайман. Ажойиб! Ўша пайт мени ўзгача ҳис-туйғулар чўлғаб олди. Биз каби ўз ота-онаси фарзанди тақдири билан қизиқмаган болаларнинг ҳаёти Президентимиз учун аҳамиятли экани мен учун катта қувонч, ҳаётимда улкан ҳодиса. Мен мамлакатимга садоқатим, миллатимга нафим орқали Президентим билдирган ишончли, албатта, оқлайман.

Меҳрибонлик уйининг яна бир тарбияланувчиси Милена Новосенова болалигидан психолог бўлишни орзу қилган. Онаси ҳам бу касб унга омад келтиришини, ушбу касб орқали жамиятда ўз ўрнинини топа олишига қизалоқни ишонтирган. Орзу мақсадга ишониб, Милена ҳужжатларини айни шу йўналиш бўйича топширган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан у ҳам муддатидан аввал Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси бўлди. 
Ҳеч бир бола ўксинмаслиги керак!

Бу ерда тарбияланаётган ўғил-қизларнинг кўнглидаги кемтикни тўлдириш, қалбига йўл топиш тарбиячиларнинг зиммасига улкан масъулият юклайди. 

— Меҳрибонлик уйига ишга келганимга 5 йил бўлди, — дейди тарбиячи Тўхтахон Султонова. — Бағримда 20 нафар болам бор. Уларга чин дилдан меҳр бириб, оналик қилишга ҳаракат қиляпман. Биргина меҳр-эътибордан уларнинг кўнгли тоғдек кўтарилади. Ўзларини қўярга жой топа олишмайди. Мен буни юракдан ҳис этаман. Адабиёт фанини яхши кўрганим учун болалардаги ижодкорлик қобилиятига алоҳида эътибор қаратаман. 13 ёшли Хадича қизимдаги истеъдод мени ҳайратлантиради. Мунтазам китоб ўқийди. Дарсларни ўз вақтида бажаради. Яқинда “Тинчлик — бебаҳо неъмат” мавзусида иншо ёзибди. У Суриядаги нотинчликларни ўз кўзи билан кўрганлиги боис тинчликнинг нима эканлигини мурғак қалби билан жуда яхши илғайди. Иншосини кўзимда ёш билан ўқидим. Хадича Президент мактабига имтиҳон топширди. Кириб олса, бу бизга катта қувонч келтиради. Ўзининг ҳаётида ҳам катта ўзгариш бўлади.

 


Ҳар бир бола бахтли бўлишга болаликнинг нодир даврларини суришга тўла ҳақли. Жажжи юракларида улкан орзуларини асраб юрган қоракўзларнинг қалби ўксимаслиги керак. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Бирорта бола “мен етим ёки ногиронман” деб ўксинмаслиги, ҳеч бир бола давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва меҳридан четда қолмаслиги керак. Бунинг учун, уларни энг замонавий касб-ҳунарга ўқитиш, билим олишига барча шароитларни яратиб бериш барчамиз учун нафақат вазифа, балки муқаддас бурчдир”.


Баҳринисо Мадумарова 

custom img

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Cobalt бошқарув йўқотилиши натижасида йўлдан чиқиб кетган.

custom img

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида никоҳ барқарорлиги сақланган, лекин Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятида ажримлар сони юқори.

custom img

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон ТИВ ойдинлик киритди.

custom img

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

Марҳум Stony Brook университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналишида таҳсил олаётган бўлган.

custom img

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Укасининг сувга тушиб кетганини кўрган ака уни қутқармоқчи бўлган.

custom img

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлган блогер 20,6 млн сўм жаримага тортилди.

custom img

Тошкентда фуқаро Tracker да бир гуруҳ кишиларни қассдан уриб юборди

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий ахборот берди.

custom img

Ўзбекистонликлар январь ойида яшаш ва овқатланиш учун 13,8 трлн сўм сарфлади

Ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 27,1 фоизга ўсган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"