Талаб юқори дори воситаларини қиммат нархда сотмоқчи бўлганлар ушланди
Оҳангарон шаҳрида пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларининг қиммат нархларда сотилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДБҚнинг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар С.А. ва Д.Х.лар пандемия шароитида аҳолининг истеъмол талаби юқори бўлган дори воситаларини қиммат нархларда ўтказиш орқали даромад орттиришни кўзлаган. Улар хорижда ишлаб чиқарилган 7 хил турдаги, жами 2 098 қути “Гепарин”, “Эноксапарин”, “Цефтраксон”, “Фавипиравир”, “Ремдесивир”, “Бактеразон” ва “Дексаметазон” номли дори воситаларини харидорга 160 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Баҳолаш экспертизаси хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг умумий нархи 80,3 миллион сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







