Фирибгар Фарғонадан топилди
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида виртуал фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ҳақида кўплаб тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамасдан, осон даромад ва бойлик орттиришни мақсад қилган айрим фуқароларимиз била туриб, яна шундай ишга қўл уряпти.

Натижада, фирибгарлар тўрига илинмоқда.Яқинда номаълум шахс телеграм ижтимоий тармоғидаги “Agrobank INFO” каналидан фойдаланиб, Шофиркон тумани Пашмон маҳалласида яшовчи Ш.И. нинг профилига “Agrobankmobile” иловаси орқали унга 1 миллион 417 минг сўм миқдорида ютуқ тақдим қилинганлигини айтиб, уни ишонтиради. Бу ҳақда Бухоро вилоят ИИБ хабар бермоқда.
Сўнгра ушбу пулларни ечиб олиши учун ўзининг профилига Ш.И. нинг пластик картаси ҳамда телефон аппаратидаги “cliск” кодини олишга эришади. Табиийки, пластик картаси ҳисоб рақамидаги 759 250 сўм пулларни аввал ечиб олади. Сўнгра “Agrobankmobile» иловаси орқали тегишли тасдиқлаш кодларини олишга эришиб, Ш.И. нинг номига 1 миллион 417 минг сўм миқдорда микроқарз олиб, пулларни карта ҳисобидан ечиб, фирибгарлик жиноятини содир этади.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилди. Суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Фарғона вилояти Риштон тумани Булоқбоши маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган М.С. исмли шахс содир қилганлиги аниқланди ва зудлик билан қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу шахснинг вилоятнинг бошқа ҳудудлари, қолаверса, республикамиз бўйлаб бошқа шу каби содда фуқароларга нисбатан ҳам фирибгарлик ёки ўғрилик жиноятларини содир қилган-қилмаганлигини аниқлаш юзасидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Пешку туманида ижтимоий тармоқ орқали ўғирлик қилган ҳамда соҳта хаёрия уюштириб, 11 миллион сўмни ўзлаштирган йигит ҳақида хабар берилганди.







