Наманганда ер тўсатдан ўпирилиб, унга машинанинг олд қисми тушиб кетди
Бугун ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази автотураргоҳида Жентра русумли автомашина қўйилган ер тўсатдан ўпирилиб тушгани, унинг устидаги автомашина эса ушбу чуқурга тушиб кетгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди.


Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ҳокими матбуот котиби Бахтиёр Носиров билан боғландик. Мутахассис берган маълумотга кўра, воқеа Наманган шаҳри Давлат хизматлари маркази автотураргоҳига яқин бўлган ҳудудда содир бўлган.
Давлат хизматлари маркази биносида ижарага фаолият юритаётган банк ходими автотураргоҳга яқин бўлган жойга автомашинасини қўйган. Машина қўйилган ер тўсатдн ўпирилиб унинг олди қисми чуқурликка тушиб кетган.
Ўрганиш давомида ўпирилган ер бино ертўласига ҳаво кириши учун очиб қўйилган махсус жой бўлиб, унинг уст қисми қурувчилар томонидан енгил-елпи ёпилгани туфайли машина оғирлигини кўтаролмай ўпирилиб тушгани маълум бўлди. Банк ходими ва машинага зарар етмаган.







