ОИВ ва Гепатит С ташхиси учун мобил лаборатория ишга туширилди
«Чегарасиз шифокорлар» ва ОИТСга қарши курашиш маркази ОИВ, Гепатит С ва тери-таносил касалликлари ташхиси учун мобил лабораторияни ишга туширди. У Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият кўрсатади.


Тошкентда ОИВ, Гепатит С ва жинсий алоқа йўли билан юқадиган инфекциялар ташхисини қўядиган ҳаракатланувчи лаборатория ишга туширилди. Лаборатория «Чегарасиз шифокорлар» томонидан Республика ОИТСга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда йўлга қўйилди, дея хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.
Яқин вақтларда махсус ускуналар билан жиҳозланган автобусда жойлашган лабораториянинг Тошкент шаҳри ва вилояти бўйлаб фаолият кўрсатиш кутилмоқда. Кейинчалик лаборатория-автобус фаолият радиуси янада кенгайиши мумкин.
«Экспресс мобил диагностика бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида амалиётга жорий этилган. У, бизнинг лабораторияларимизда бўлгани каби, ОИВ, Гепатит С ва сифилис каби касалликларга жойида тезкорлик билан барвақт ташхис қўйишга имкон беради. Таъкидлайман, тестлар аноним, тезкор ва юқори даражада малакали тарзда ўтказилади. Шундай қилиб, зарурат туғилганида, беморларни ўз вақтида тиббиёт муассасаларига қайта йўналтириш имконияти пайдо бўлади», — деди «Чегарасиз шифокорлар» доктори Дилором Бобоходжаева.







