Инсон тақдирини олдиндан айтиш мумкинми?
Сўнгги вақтларда инсон тақдирини башорат қилувчилар кўпайиб бормоқда.

Баъзи соддадил одамлар юлдузлар жойлашувига қараб келажагини белгилаш мумкинлигига ишонишади. Фолбинга бориб йўқолган пули ёки бирор қимматбаҳо буюмига фол очтиради. Ҳаётнинг паст-баландига бардош беролмай турмушини, тақдирини изга солиш учун сохта башоратларга ишонишади. Бу билан ўзлари билмаган ҳолатда уларнинг тегирмонига сув қуйишади.
Инсон ҳаётидаги ўзгаришлар аслида юлдузлар алмашуви сабабли эмас, балки Аллоҳнинг тақдири, инон-ихтиёри билан бўлади.
Бахтиёр Каримов, фолбин:
—Мен Хиромантман, бунинг учун 15 йил ўқиганман. Одамларнинг тақдири, ўтмиши ва бугунини олдиндан кўра оламан.
—Одам тақдирини нималарга қараб белгилайсиз?
—Китобларга, қўл чизиқларига қараб тўғри йўл кўрсатаман. Ҳар бир одам қўлида 12 та чизиқ бор. Одамларга уларнинг атиги 3 таси кўринади. Қолган 9 тасини фақат биз фолбинлар кўра оламиз.
—Ўзингизни қўлингизга қараб туриб ҳам тақдирингизни кўра олганмисиз?
—Ҳа, кўра оламан, биламан. Кафтида 3 та чизиқчаси бор одамлар бахтли бўлишади, 2 та чизиқчаси борлар эса бахтсиз. Ундан ташқари шанба ва якшанба кунлари туғилган ёшлар никоҳланса, бир умр бахтсиз яшашади.
Шунингдек, мен чақалоқларни ҳафтанинг қайси куни туғилганига қараб келажакда ким бўлишини айта оламан.
—Масалан?
—Масалан, душанба куни имомлар, художўйлар туғилади.
Сешанба куни эса ҳарбийлар, қаҳрамонлар туғилади.
Чоршанба куни савдогарлар, тадбиркрорлар, ишбилармонлар туғилади.
—Мен чоршанба куни туғилганман, аммо тадбиркор эмасман, буни қандай изоҳлайсиз?
—Тадбиркор бўлмаганингизнинг сабаби шундаки, сизнинг сайёрангиз меркурий. Демак сизни меркурийга бўйингиз , бастингиз, жисмингиз мос эмас. Агар меркурий билан ҳамма жисмоний аъзоларингиз тўғри келса, ўшанда тадбиркор бўла оласиз.
—Мижозингиз кафтларидаги чизиқларга қараб уларни бахтсизлик кутаётганини қандай айтасиз. Руҳитини синдириб қўйишдан қўрқмасйсизми?
—Албатта, буни дарҳол юзига айтмайман, аксинча, юмшоқ қилиб айтаман. Масалан, сени кўнгилсизликлар кутяпти дейман.
—Суҳбат бошида сиз уч ўғилни уйлик-жойлик қилдим дедингиз, келинларингизни ҳам кафтига қараб келин қилдингизми, шанба ва якшанба туғилганига эътибор бердингизми?
—Аввалига шанба, якшанба куни туғилганларни келин қиллмасликка харакат қилдим. Аммо тақдир экан, иккита келиним ҳам шанба куни туғилган.
—Бахтлими?
—Ҳа ,бахтли
Маҳмуд Эргашев, психолог:
—Фолбинлар чап қўл ўтмиш, ўнг қўл келажак дейишади. Улар чизиқчаларга қараб фол очишади, бироқ бу чизиқчалар ўзгариши ҳам мумкин .
Одам ҳаёти давомида нимага ишонса ва эътибор берса ўша нарса кўз олидида пайдо бўлаверади. Улар одамларнинг тақдирини олдиндан айтиб, уларни бадтар ваҳимага туширишади. Масалан, куни кеча қабулимга бир аёл келди. Жуда қаттиқ стресс ҳолатда эди. Мен психолог сифатида сабабини суриштирдим. Айтишича эрининг уйга кеч келишига сабаб унинг ҳаётида бошқа аёл борлиги экан. Буни унга фолбин айтган эмиш. Мана сизга оддий мисол, бироқ бу каби ҳолатлар сабабли қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаётгани аччиқ ҳақиқат.
Абдурасул Шокиров, Тошкент туманидаги “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом хатиби:
—Фолбинлик бу — ғайбни олдиндан билиш. У гуноҳи кабира саналади. Ҳадисларда ким сеҳр-жоду қилувчи ва фолбинларнинг гапирган гапларини тасдиқласа, уларнинг сўзларига ишонса, ислом динига куфр келтирган бўлади, дейилган. Инсон тақдирини Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Одамлар жуда ғалати, бошига бир қийинчилик тушса, негадир дарров фолбинга чопади. Гўёки улар шу муаммони ҳал қилиб берадигандек. Бу илмсизликдан бошқа нарса эмас. Агар бошимизга кулфат келса, билингки бу Оллоҳнинг синови. Худди шундай яхшилик келса ҳам Оллоҳнинг синови. Бундай одамларга гапим битта: танангиз, жисмингиз ўзингизга бўйсуниб турган вақтда истиғфор айтинг, тавба қилинг, Оллоҳдан кечирим сўранг. Оиланинг, инсоннинг бахтли бўлиши фақат Оллоҳнинг иродаси билан бўлади, шуни унутманг.
Муножат Валиева







