Сурхондарёдаги ЙТҲ оқибатида 5 нафар фарзанд отасиз қолди
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида 10 август куни «Nexia» автомобили қарама-қарши йўлдаги пиёдани уриб юборган. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар қилмоқда.


Маълум бўлишича, ҳолат Қумқўрғон туманидаги М-41 автомобиль йўлининг 1539-километрида содир бўлган. Маст ҳолатда «Nexia» машинасини бошқариб келаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, бошқарувни йўқотган. Оқибатда қарама-қарши йўналишдаги пиёдани уриб юборган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 5 нафар фарзанднинг ягона боқувчиси бўлган ота ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда автобус ағдарилиши оқибатида икки нафар йўловчи ҳамда Сирдарёда ухлаб қолган юк машинаси ҳайдовчиси автоҳалокатга учраб вафот этгани ҳақида хабар берилганди.







