Йўллар носозлиги ҳақидаги мурожаатларни қабул қилувчи махсус платформа яратилади
Йўллар носозлиги ҳақидаги мурожаатларни қабул қилувчи махсус платформа яратилади.

Президентнинг тегишли қарори лойиҳасига кўра, Автомобиль йўллари қўмитаси, Молия ҳамда Алоқа вазирликлари билан биргаликда уч ой муддатда автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига оладиган “ШАФФОФ ЙЎЛ” онлайн ахборот платформасини ва унинг мобил иловасини ишга туширади.
Платформада автомобиль йўллари соҳасига оид очиқ маълумотлар шаклида мажбурий тартибда жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати, жойлаштириш муддатлари, ахборот учун масъул бўлган давлат органлари тасдиқланмоқда.
Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, Автомобиль йўллари қўмитаси Кадастр агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар хорижий тажрибага асосланган ҳолда Платформада Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектларининг Интерактив онлайн-харитасини ишлаб чиқиши белгиланмоқда.
Платформанинг алоҳида саҳифаси орқали эса аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун пайдо бўлган фавқулодда техник муаммолар (светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмаганлиги ёки уларга шикаст етканлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) ҳақида фото- ва видеомурожаатлар қолдириш имконияти яратилади.








