Антикоррупция агентлиги сохта ходим бўйича огоҳлантириш билан чиқди
Тошкент шаҳрида Facebook ижтимоий тармоғи орқали ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, алдов йўли билан даромад қилаётган шахс ушланди.

Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар қилди.
Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати
Маълум бўлишича, М.М. исмли шахс агентлик томонидан ўтказилган расмий тадбирларда бошқа фуқаролар қаторида иштирок этиб, тадбирлар юзасидан Интернет тармоғида бериб борилаётган фото ва видеолавҳаларни ўзига сақлаб олган. Маълумотларни атрофдагиларга кўрсатиш орқали ўзини агентлик ходими эканига ишонтиришга ҳаракат қилиб келган. Шунингдек, у Facebook ижтимоий тармоғида профил очиб, ўзининг агентликдаги иш фаолияти тўғрисида ёлғон маълумотларни жойлаштириб келган.
Қайд этилишича, бундан жабрланган фуқаро Н.С. агентлик директори номига ариза билан мурожаат қилиб, унга нисбатан қонуний жазо кўрилишини сўраган. Ҳолат ўрганилганда М.М. ўзини агентлик ходими сифатида таништириб, ариза муаллифига автомашина ва уй олиб беришни ваъда қилгани ва ундан 11 минг доллар пул маблағини алдов йўли билан олгани маълум бўлган.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Яккасарой тумани томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







