Оҳангаронда портлаш оқибатида аҳоли кўрган зарар қопландими?
Ижтимоий тармоқда жорий йилнинг 10 август куни "OHANGARONSEMENT" заводи томонидан Оҳангарон туманидаги Тут қишлоғининг шимолий-шарқий қисмида оҳактош қазиб олиш учун тоғ жинслари портлатилгани ҳақида хабар берилди.

Унда келтирилишича, портлатиш ҳар сафаргидан анча кучли бўлган. Одамлар қўрқувдан нима қилишни билмай қолган. Портлаш овози Ангрен шаҳригача етиб борган. Айрим хонадон деразалари тушиб, ойнаклари синиб кетган. Шунингдек, деворлар ёрилиб, аҳолига яшаш тарзига турли ноқулайликлар олиб келган.
Хўш, "OHANGARONSEMENT" буюртмаси билан тоғ жинсларини портлатиш ҳолатлари тез-тез бўлиб турадими? Бу ишлар бўлишидан аввал аҳоли огоҳлантириладими? Етказилган зарар қопланадими? Агар қоплаб берилса, бунга қанча вақт керак бўлади? Бу каби саволлар билан заводнинг матбуот хизмати раҳбарига мурожаат қилдик.
Унинг айтишича, 10 август куни завод буюртмаси билан Тут қишлоғи яқинида ўтказилган портлаш ҳар сафаргидек бўлган. Аҳоли яшаш пункти яқинлигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу ҳудудда портлашлар иложи борича кам ўтказилади. Корхона томонидан портлашларни камайтириш мақсадида тоғ комбайини сотиб олинган. Ер рельефи нотекис (масалан, сой атрофи) ва таркиби тош, шағал бўлган жойлардагина тоғ комбайини юролмаганлиги сабабли портлаш ишлари олиб борилади.
“ — Ҳозирда 1 ойда ўртача 2-3 марта портлатиш ишлари ўтказилади. Бу ишлар Меъёрий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади. Шу йилнинг 21 майида Тошкент вилоят прокуратурасининг талаби билан Тошкент вилоят санитария эпидемиология назорат ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бошқармаси лабораторияси томонидан ўтказилган таҳлил натижалари шовқин ва вибрация даражаси норматив ҳужжатларда қайд қилинган меъёрдан паст эканлигини кўрсатди”, — дейди у.
Ўрнатилган тартибга кўра, бурғилаш ва портлатиш ишларини олиб борувчи корхона — “Қурилиш инвест сервис” — мўлжалдаги бурғилаш ва портлатиш ишлари ҳақида 2 кун аввал Тут қишлоқ фуқаролар йиғига огоҳлантириш хати билан чиқилади.
Портлатиш ишларини бевосита бошлашдан олдин тоғ-кон цехи 10 минут давомида узун сигнал беради. Портлашдан олдин 2 та қисқа сигнал беради. Бундан ташқари, “Қурилиш инвест сервис” корхонаси ходимлари портлаш ҳудуди чегарасида аҳолини бевосита огоҳлантириб туради. Шунингдек, портлаш тугагунча чегарани қўриқлайди. Тартиб доимо бир хил, ҳеч ким ўзгартиришга ҳаққи йўқ.
Завод матбуот хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, портлаш ишлари сабабли юзага келган турли талафотларни ўрганишга анча вақт керак бўлади. Шунинг учун ҳолат ўрганилмасдан, мурожаат тушган заҳоти аҳолига етказилган зарарни қоплашга киришилади. Охирги портлаш ишларидан кейин ҳам худди шундай бўлган: 10 август куни жойлар ўлчанган, 11 август куни ойналар ўрнатилган. Бугун дераза ромлари ўрнатилмоқда.
Баҳринисо МАДУМАРОВА







