Ўзбекистонда 13 мингта умумий овқатланиш объекти 2021 йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади
Президент Шавкат Мирзиёевга ишбилармонлар томонидан умумий овқатланиш ва туризм корхоналаридан ўтган йили берилган имтиёзларни узайтириш бўйича 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Бу ҳақда давлат раҳбари тадбиркорлар билан ўтказилаётган мулоқотда маълум қилди.


Пандемия давом этяпти ва бу хизматлар соҳаси, айниқса, умумий овқатланиш ва туризм корхоналари учун қанчалик оғир бўлаётганини, барчамиз кўриб турибмиз, албатта. Бу борада умумий овқатланиш ва туризм корхоналаридан ўтган йили берилган имтиёзларни узайтириш бўйича 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.
Шу боис жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонасини йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қиламиз. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир. Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади.
Шу билан бирга, туризм компаниялари ва меҳмонхоналарни туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилсак, нима дейсизлар? Бу – ҳозирги қийин шароитда тушуми камайиб кетган 2 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 150 миллиард сўм қолади, дегани.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти







