“Меҳнатимиз эътирофи бизга улкан куч бағишлади”
Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Бундай шаклдаги учрашув илк бор ўтказилди ва унда жами ўн мингга яқин тадбиркор иштирок этди. Учрашувда мамлакатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлар олдида турган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш қайд этилди.

Айрим ишбилармонлар ўз бизнесини мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб янги иш ўринлари яратди, нуфузли компанияларга айланди. Ички ва ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга тадбиркорлар шакллана бошлади. Давлатимиз раҳбари ана шундай азму шижоатли ва фидойи тадбиркорларнинг айримларини тилга олиб, халқимизга мададкор бўлаётгани учун уларга миннатдорлик билдирди. Улар орасида “МАКРО ФАРМ АНДИЖОН” МЧЖ корхонаси ҳам бор.
Журъатбек Қуватов, “МАКРО ФАРМ АНДИЖОН” МЧЖ таъсисчиси:
—Корхонангиз қачон ташкил этилган?
—Корхонамиз 2014 йилда ташкил топган. У дастлаб 8 та чакана савдо дорихонасидан иборат эди. 2016 йилда доривор ўсимлик хомаёшёсидан биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқара бошладик. 2018 йил давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи давомида тиббий буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимотини ўтказдик. Бу лойиҳа Президентимизга жуда ёқди ва уни тезроқ ишга туширишни таклиф қилди. Шундан кейин ишимиз юришиб кетди. 2019 йил лойиҳамиз тўлиқ ишга тушди. Юртбошимиз Андижон вилоятига навбатдаги ташрифида яна бизнинг корхонамизга ташриф буюрди, йўлланма ва маслаҳатлар берди.
— Ҳозирги кунда қандай маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти?
—Айни пайтда 53 турдаги тиббий буюмлар ишлаб чиқаряпмиз. Бир маротабалик шприц, инфузион система, тиббий ниқоб, баҳилла, тиббий халат, бел грижаси учун махсус белбоғ, эластик ва тиббий бинт, тиббий дока, пахта шулар жумласидан. Корхона ҳудудида қандолат ва нон ишлаб чиқариш цехи ташил этдик. Текстиль фабрикасини йўлга қўйдик. Бир вақтни ўзида дорихона ва бир қанча озиқ-овқат дўконлари тармоғини ҳам юритамиз.
— Қанча одам иш билан таъминланди?
— Ҳозирги кунда корхоналаримизда 2 минг 800 ходим фаолият юритади. Улар учун барча шароит мавжуд. Корхона ҳисобидан 3 маҳал иссиқ овқат берилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кийим-кечак, озиқ-овқат ва қўшимча ёрдам пули ажратамиз.
— Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қанчаси экспорт қилиняпти?
— Корхоналаримизда бир йилда 120 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимиз нафақат маҳаллий бозор, балки Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга экспорт қилиняпти. Йилига 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қиламиз.
Тан олиш керак, 2016 йилга қадар мен тадбиркор эмас, чайқовчи бўлганман. Фақат дори олиб келиб сотганман. Пулим бўлган, аммо тадбиркорликни йўлга қўйиш, бирор корхона очиш, унда маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича на имконият, на рағбат бўлган. Юртбошимиз кўп нарсани олдиндан кўра билади. 2016 йил фармацевтика тармоғида ишлайдиган улгуржи ва чакана савдо дорихонлари учун доривор ўсимлик хом ашёсини қайта ишлаш мажбурий қилиб қўйилди. Ўшанда тушунмаганман: мени ўт-ўлан, доривор ўсимликлар қандай фойда олиб келади, деган савол қийнаган. Кейин доривор ўсимликларни 50, 100 грам қилиб қадоқлай бошладик. Қарасак қисқа муддатда яхши фойда олдик. Хориждан ускуналар олиб келиб доривор ўсимликларни қадоқлашни кўпайтирдик. Сироп, таблетка ва суртмалар ишлаб чиқаришга ўтдик. Бу билан нима демоқчиман. Ўшанда Президентимиз тўғри талаб қўйган экан. Мана ҳозир бу корхоналар ортидан қанча одамларни иш билан таъминладим, яхши фойда олдим ва мен бунинг учун Юртбошимдан миннатдорман. Кечаги йиғилишда давлатимиз раҳбари меҳнатимизни яна бир бор эътироф этди. Бу бизга катта руҳ бағишлади. Учрашувда тилга олинган тадбиркорлики қўллаб—қувватлашга қаратилган имконият ва имтиёзлар бизнинг ичимиздаги гаплар, дардлар эди десак муболаға бўлмайди. Энди бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаолиятимизни янада кучайтиришга сўз берамиз.
—Келгусидаги режаларингиз қандай?
— Ҳозирги кунда косметология йўналишида корхона очишни режалаштиряпмиз. Унда 120 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Муножат Валиева







