“Кино қаҳрамонлари” қўлга олинди
17 август тонгги 04.30 атрофида Юнусобод туманидаги бекатлардан бирида жойлашган дўконга ниқобланган икки нафар шахс қўлида пичоқ билан бостириб киради. Босқинчилар савдодан тушган пулларга ёпишади.

Камига бир қути тамакини ҳам ўмаради. Сотувчилардан бири ширин уйқуда, иккинчиси уйқу аралаш ҳолатда бўлгани учун дастлаб ҳолатни тўлиқ англамайди. Ўзига келгач зудлик билан “102” рақамига қўнғироқ қилади. Тезкор гуруҳ воқеа жойига етиб келиб, ён-атрофдаги кузатув камераларини кўздан кечиради.
Олиб борилган тезкор суриштирув натижасида тунги қароқчилар оқ рангдаги “Spark”да келгани, машинани кўз илғамайдиган жойга қўйиб, рақамларини ечиб ташлаб, сўнг дўконни ўмаришга киргани ойдинлашади.
Босқинчилар сўроққа тутилганда гўё кинолардаги ана шундай ҳолатга тақлид қилганини айтган.
Юнусобод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими “тунги қароқчилар”га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2 қисми билан жиноят иши қўзғатди.
Айни пайтда тергов ишлари давом этмоқда. Гумондор шахсларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Тошкентда шиналар ўрнига ғишт қўйиб кетаётган ўғирилар қўлга тушгани ҳақида хабар бергандик.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати







